11534

Рақамли ТВ ва алоқа сигналлари олис Мачай қишлоғини “забт этди”

Технология 30 июнь 11:59 417

Сурхондарё мамлакатимиздаги энг кўп тоғли аҳоли пунктларига эга вилоятлардан бири. Шу вақтгача географик ноқулайликлар сабаб, тоғли ҳудудларда телекоммуникация инфратузилмасини яратиш мураккаб жараён ҳисобланиб келинган. Замонавий симсиз алоқа технологиялари эса узоқ тоғли ҳудудлар аҳолисини ишончли ва сифатли алоқа тармоқлари билан қамраб олишга имкон бермоқда.

Жумладан, бугунги кунда вилоятнинг Бойсун, Денов, Сариосиё, Узун ва Шеробод каби чегара олди ва тоғли туманларда жойлашган 25 та тоғли аҳоли масканларидаги замонавий телекоммуникация инфратузилмаси босқичма-босқич ривожлантирилмоқда.

Мачай – тоғли Бойсун туманининг энг олис, чекка қишлоқларидан бири. Туман марказидан 80 км узоқда жойлашган “Мачай” ҚФЙда 6500 нафар фуқаро истиқомат қилади. Бу ҳудудда шу кунга қадар биргина мобил алоқа оператори фаолият кўрсатаётгани, рақобатнинг йўқлиги алоқада узилишларни ва техник қийинчиларни юзага келтирар эди. Режага мувофиқ, қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги қишлоқларда май ойида УЗМОБИЛE Миллий операторининг 2 та, Перфеcтум Мобиле операторининг 1 та таянч база станциялари ўрнатилди. Натижада, ҳудуднинг 80% и Миллий оператор алоқа сигналлари билан қамраб олиниб, аҳоли арзон ва сифатли мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш имконига эга бўлди.

Сифатли мобил алоқа ўз навбатида замонавий интернетдан самарали фойдаланиш имконини беради. Мачай қишлоғи худудида жойлашган 4 та умумий ўрта таълим мактаблари УЗМОБИЛE компанияси томонидан “Зиёнет” таълим тармоғига уланди.

Узун туманининг Боботоғ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудуди УЗМОБИЛE миллий алоқа операторининг CДМА ва ГСМ стандартлари алоқа қамрови билан тўлиқ қамраб олинди.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг узоқ тоғли аҳоли масканларида рақамли телевидение қамровини кенгайтириш бўйича ҳам узлуксиз ишлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишдаги ислоҳотлар самарасини мачайликлар аллақачон ҳис қилишган. Шу кунгача маҳаллий аҳоли “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” телеканалларини томоша қилиб келишган бўлса, ҳозирда аҳоли 18 та рақамли телеканалларни кўриш имконига эга бўлган.

Жорий йилда тоғли ҳудудларда мавжуд кам қувватли аналогли телерадиоузаткичлар ўрнига жами 86 та замонавий ДВБ Т-2 стандартидаги рақамли телерадиоузаткичлар ўрнатилиши режалаштирилган.

Тоғли аҳоли масканларидаги электр энергияси таъминотидаги чекловларни инобатга олиб, қуёшли панелли батареялар ҳамда шамол генераторида ишлайдиган мобил алоқа станциялари, қўшимча дизел генератори ва аккумуляторга эга рақамли телерадиоузаткичлар ўрнатилмоқда.

Аҳоли билан мулоқот, алоқа соҳасида уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Жорий йилнинг 21-22 июн кунлари Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими ҳамда Алоқа инспекцияси масъул ходимлари Бойсун туманида бўлиб, очиқ мулоқотларда фуқароларнинг муаммо ва таклифларини ўрганишди. Мачайга кириб келган технологик ўзгаришларни аҳол юз-кўзидан ҳам билиш мумкин. Аҳоли вакиллари фикр-мулоҳазаларини баён этиб, яратилган қулайлик ва ғамхўрлик учун ҳукуматга ҳамда вазирлик мутасаддиларига миннатдорчилик билдиришди.

Изоҳ билдириш