11499

Қайта молиялаш ставкаси 14 фоизга оширилди, бу қарор имтиёзли кредитлар ва омонатларга қандай таъсир кўрсатади?

Иқтисод 30 июнь 9:05 864

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки шу йилнинг 28 июнидан қайта молиялаш ставкасини 9 фоиздан 14 фоизга ошириш тўғрисида қарор қабул қилди. Марказий банкнинг бундай қарорга келишига нима сабаб бўлди? Бу қарор имтиёзли кредитлар ва омонатларга қандай таъсир кўрсатади? Яқин кунларда сўмнинг девальвацияси юз берадими? Бу ҳақида мустақил иқтисодчи Калон Ёмонбоев uz24.uz сайтида ўз фикрларини билдирди.

Агар тижорат банклари билан тузилган кредит шартномасида фоиз ставкаси фиксирланган бўлса, яъни шартнома мажбурияти муддатига аниқ бир фоиз ставкаси кўрсатилган бўлса, у ҳолда Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидаги ўзгаришлар унга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Бунда бирор-бир хавотирга ўрин йўқ.

Агар шартнома фоиз ставкаси Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасига боғлаб қўйилган бўлса, у ҳолда яқин кунларда сизга хизмат кўрсатаётган тижорат банки фоиз ставкаси қайта кўриб чиқилиши ҳақида сизни огоҳлантиради.

Буни биринчи галда Марказий банк қайта молиялаш ставкасига қатъий боғланган имтиёзли кредитларни олганлар мижозлар ҳис қилишади.  Жумладан, ипотека ва истеъмол кредити олган ёш оилалар, таълим кредитлари бор талабалар, ҳукуматнинг тегишли қарорларига мувофиқ, қолаверса, инвестиция ва маҳаллий ривожлантириш дастурлари асосида кредит жалб қилган тадбиркорлик субъектлари киради.

Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш керак, тижорат банклари ўз бюджетлари ҳамда кредит сиёсатидан келиб чиқиб, кредитларнинг фоиз ставкаларини кўтармаслиги ҳам мумкин. Бу кўпроқ ҳар бир банкнинг ўз ички имкониятларига, аниқроқ айтадиган бўлсак, ресурс шакллантириш манбалари, фойда режалари ҳамда даромад кўриш имкониятларига, кредит ва депозит портфелининг сифатига боғлиқдир.

Юқорида қайд этилган тоифадаги жисмоний ва юридик шахслар 2003 йилдан бери Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси пасайтирилишидан барқарор равишда фойдаланиб келганини айтиш адолатдан бўлади.

Омонатларга келадиган бўлсак, қайта молиялаш ставкасининг оширилишининг  назарий тарафидан амалдаги омонатчилар ҳамда ўз маблағларини қисқа муддатли депозитларга қўйган хўжалик субъектлари ютади.

Сабаби амалиётда тижорат банклари омонатлар ва қисқа муддатли депозитлар бўйича шартнома тузаётганда, фоиз ставкасини қайта молиялаш ставкасига боғламасликка ҳаракат қилишади. Яъни аксарият ҳолатларда бундай турдаги омонатлар қатъий ўзгармас фоиз ставкасида белгиланади. Облигациялар ва депозит сертификатлари бундан мустаснодир. Чунки уларнинг фоиз ставкаси “Марказий банк қайта молиялаш ставкаси+” формуласи асосида белгиланади.

Қайта молиялаш ставкаси қандай кўтарилган

Марказий банк охирги марта 15 йил аввал — 2002 йилда қайта молиялаш ставкасини кўтарган эди. Ўзбекистон 2000-йилларнинг бошида миллий валютанинг эркин конвертацияси ҳамда иқтисодий ислоҳотларгага ҳозирлик кўриш мақсадида Халқаро валюта жамғармаси билан иқтисодий ва молиявий сиёсат масалалари бўйича меморандум имзолаган эди. Қайта молиялаш ставкасини ошириш конвертацияни “очиш”нинг муҳим шартларидан бири эди. Марказий банк инфляция ўсишига йўл қўймаслик ҳамда айирбошлаш курсининг кескин ўзгаришининг олдини олиш мақсадида 2002 йил 1 январидан қайта молиялаш ставкасини 24 фоиздан 30 фоизга оширди. Бу ставка 18 ойдан ортиқ муддат давомида, яъни 2003 йилнинг 15 июлига қадар сақланиб турди. Бу сана эркин конвертацияга ўтиш амалда эълон қилинган сана ҳисобланади. Ушбу муддат давомида Марказий банкнинг 1 АҚШ долларига нисбатан расмий курси 42 фоизга —686,9 сўмдан 974,30 сўмга кўтарилди.

Сўм девальвациясининг қисқача тарихи

Ўша даврдаги уч йиллик ислоҳотлар даврида долларнинг сўмга нисбатан расмий курси қарийб етти бараварга — 140,46 сўмдан 975,25 сўмга кўтарилди. Бунда кескин равишда икки марта девальвация тўлқини амалга оширилганини кўриш мумкин.

Биринчи тўлқин 2000 йилнинг 1 майидан бошлаб кузатилди. Ўша вақтларда  Марказий банк расмий курси бир АҚШ долларига нисбатан 55 фоизга, яъни 149,38 сўмдан 231 сўмга кўтарилди. Иккинчи тўлқин эса ордан бир ярим йил ўтиб, яъни 2001 йил 1 ноябрь куни амалга оширилди. Иккинчи бор  Марказий банк долларнинг сўмга нисбатан курсини 57 фоизга — 433,70 сўмдан 680,90 сўмга оширди. Қолган пайтлар Марказий банк секин ва изчил девальвация сиёсатини амалга ошириб келган.

Прогнозлар

Янги кредитлар бўйича ставкалар ҳам, депозит ва омонатлар бўйича фоиз ставкалари ҳам, албатта, ошади. Бунда тижорат банклари имкон қадар ўзига зиён қилмаган ҳолда фоиз маржасини максимал даражада сақлаб қолишга ҳаракат қилишади. Банклар янги комиссияларни жорий қилиш орқали фоиз рискларини камайтиришга интилишади. Бундай ҳолатда хўжалик субъектлари ҳамда жисмоний шахслар тижорат банклари билан фиксирланган, қатъий фоизларда узоқ муддатли кредит шартномаларини тузишдан тийилгани маъқул. Олти ойдан ортиқ муддатга қисқа муддатли кредит битимларини тузиш ҳам тавсия қилинмайди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Марказий банк қайта молиялаш ставкаси оширилиши вақтинчалик хусусиятга эга. Чунки бу, гарчи ҳеч қаерда расман айтилмаган бўлса-да, ҳукуматнинг валюта бозорини либераллаштириш бўйича вазифасини бажаради. Фикримизча, жорий йилнинг 1 июлидан биз миллий валюта девальвацияси жадаллашувига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бу ҳафтасига 2 фоизгача, ойига 8-10 фоизни ташкил қилиши мумкин. Катта эҳтимол билан бундай вазият 2-3 ой давом этади. Ушбу муддат даврида қайта молиялаш ставкаси 14 фоиз даражасида қолади. Агарда шу муддат давомида Марказий банк долларнинг сўмга нисбатан ўзи мўлжаллаган курсига эришса, яъни бозорнинг барча иштирокчилари ҳеч қандай чекловларсиз долларнинг курсини адолатли курс сифатида қабул қилишса, қайта молиялаш ставкасини изчил камайтириш сиёсати бошланади.

Нима бўлганда ҳам, жорий молиявий операциялар бўйича эркин конвертациясига босқичма-босқич ўтиш ҳамда айирбошлаш курсларини бирхиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар мантиқан ниҳоясига етказилгандан сўнггина қайта молиялаш ставкаси пасайтирилиши ҳақида сўз юритиш мумкин.

Камол Ёмонбоев,
(Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин)

Изоҳ билдириш