10824

Эксперт: Валюта бозори либерализацияси билан қўрқитиш шарт эмас

Иқтисод 23 июнь 8:43 500

Эксперт Юлий Юсупов Валюта бозори либерализацияси масаласида мушоҳада юритади. Эксперт фикрларини Uz24 нашри ёритди.

«Бизга шок терапияси керак» (Александр Давлетов) баёнотини эътиборсиз қолдира олмайман. Муаллиф ўзини либерализация тарафдори дея таъкидлашига қарамасдан, у келтириб чиқарадиган оқибатлар туфайли уни ўтказмаслик яхшироқ эканлигини маълум қилади.

Муаллиф фикрича, валюта бозори либерализацияси қуйидаги қўрқинчли оқибатларга олиб келиши мумкин:

– Эркин бозор курси бир долларга 10 500 сўмгача ошиб кетади;

– ЯИМ ўсиши секинлашади ёки тўхтаб қолади;

– Инфляция ва ишсизлик ҳажми икки хонали рақамларга етади.

Мақолада буларнинг барчаси «шок терапияси» термини қўлланилган ҳолда ёритилган.

Энг оддийси — инфляцияни кўриб чиқишдан бошлаймиз. Ўзбекистонда харидларни амалга оширувчи, расмий статистикага ишонмаган исталган фуқаро,  инфляция ҳеч қандай либерализациясиз ҳам икки хонали рақамга (яъни ўн фоиздан ортиқ) тенг эканлигини билади. Расмий статистикага эса ишониш ярамайди. Чунки у нафақат соғлом ақл, балки ўз-ўзига ҳам зиддир. Шунинг учун инфляцияни икки хонали рақамга етказиш хавфи маъносиз — биз аллақачон мазкур босқичдамиз.

Валюта бозори либерализацияси инфляцияни янада кучайтириш-кучайтирмаслиги эса бошқа масала. Бу импорт маҳсулотларининг нархлари ошган тақдирдагина юз бериши мумкин. Бироқ бугунги кунда импорт маҳсулотларининг катта қисми бозор («қора» ёки «биржа») курсида сотилмоқда. Исталган бозор либерализациясида мувозанат қиймати (мувозанат курси) расмий нарх (курс) ва норасмий бозорлардаги нарх (курс) ўртасида белгиланади. У норасмий бозор нархларидан юқори бўла олмайди. Бу иқтисодиёт қонунидир. Ўйлашимча, ҳозир мувозанат нуқтаси «қора» курсга яқинроқ ёки у ва «биржа» курси оралиғида. Шунга мувофиқ, бозор нархлари жуда ошиб кетмаслиги лозим, либерализация уларга таъсир қилмаслиги эҳтимоли юқори. Нархлар тузилиши ўзгариши (уларнинг баъзилари ошиши, баъзи бирлари эса пасайиши) ҳам мумкин. Бироқ биз инфляция ҳақида гапирганда айнан ўртача нархларни назарда тутамиз.

Бироқ муаллифнинг эркин бозордаги курс, албатта, биржа курсидан 10—15 фоизга ошиб кетишига негадир ишончи комил. Курс қисқа муддат ўзгариб туриши мумкин, бироқ у узоқ вақт давомида бу ҳолатда сақланиб тура олмайди. Бу ҳолатда валютага талаб жуда камайиб кетади. Курснинг олди-сотдига оид ўзгариб туриши нафақат либерализация ҳолатларига, балки исталган бозор иқтисодиётида юз бериши мумкин. Бунга йўл қўймаслик учун Марказий банк валюта интервенсиясини амалга оширмоқда. Турғун алмашув курси ташқи савдо алоқаларининг нормал ривожланиши шартидир.

Шунинг учун, агар Марказий банк ўз мажбуриятларини бажарса, долларнинг «биржа» курсидан қисқа муддатли ошиши ҳам юз бермайди. Бу либерализацияга қарши бўлганларнинг навбатдаги ваҳимасидир.

Энди иқтисодий ўсишнинг секинлашуви ва ишсизликнинг ўсишига келсак. Бу ерда валюта бозори либерализацияси қандай қилиб бу қўрқинчли ҳодисаларга олиб келиши мумкинлиги бутунлай тушунарсиз. Ҳеч қандай тушунтириш берилмаган.

Қолаверса, муаллиф нуқтаи назарига кўра, агар алмашув курси девальвацияси юз берса, иқтисодий назария ва кўп сонли тажрибалардан кўринишича, иқтисодий ўсиш ошиши (экспорт ўсиши ҳисобига), ишсизлик эса камайиши лозим.

Агар гап ЯИМ доллардаги ифодасида пасайиши ҳақида борса, бунинг реал иқтисодий ўсишга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Иқтисодий ўсиш миллий валютада акс эттириладиган ЯИМга қараб ҳисобланади. Бундан ташқари, статистикамиз ўзига хослигини (иқтисодиётда ҳақиқатда нима юз бераётганлигидан қатъи назар 8 фоизлик ўсишни кафолатловчи) ҳисобга олсак аслида ўсиш ҳақиқатда бор-йўқлиги ва унинг аҳамиятини ҳеч ким билмайди.

Яна бир эслатиш. Мамлакатимизда 2002—2003 йилларда валюта бозори либерализацияси амалга оширилган эди. Иқтисодий ўсиш секинлашганлиги кузатилмаган. Инфляция ва ишсизлик ўсиши ҳам умуман қайд этилмаган. Аксинча, иқтисодий ўсиш экспортнинг тўрт карра ўсиши (2004—2008 йилларда) билан бирга тезлашган, инфляция эса пасайган. Бу мустақилликдан кейинги иқтисодий ўсишнинг энг яхши йиллари бўлган. Барқарор алмашув курси қандай миқдорда белгиланган деб ўйлайсиз? Либерализацияга қадар курслар ўртасидаги фарқ олти баробар: расмий курс — (тахминан) 300, бозор курси — 1800 га етган бўлса, мувозанат курси 900 этиб белгиланди. Ҳозирги вазиятда у бозор курсларига яқинроқ бўлади, бироқ ундан ошиб кетмайди.

Катта илтимос, айниқса, ислоҳотлар тарафдорларига: ҳеч нарса билан асослантирилмаган қарашлар ва ваҳималарни такрорламаслик зарур. Ислоҳотлар ўтказишнинг аслида мавжуд бўлмаган муаммоларини ўйлаб чиқмаслик лозим.

1996 йилда Ўзбекистонда бирор-бир ҳисоб-китобсиз ва оқибатларга баҳо берилмасдан конвертация бекор қилинди. 2003—2008 йилларда валюта бозорини яна «нормал» ҳолатга қайтардик ва иқтисодиёт тараққиётида сезиларли ютуқларга эришдик. 2008 йилнинг кузида бозор муносабатларини барбод қилишга қаратилган навбатдаги қадам ташланди. Ҳозирда «уйга қайтиш» ва комплекс иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, жумладан, эркин конвертацияни жорий этишнинг айни вақти.

Келинг, ва ниҳоят, буни амалга оширамиз.

Изоҳ билдириш