10479

Янги таҳрирдаги «Мобил алоқа хизматларини кўрсатиш қоидалари»нинг лойиҳаси ишлаб чиқилди

Технология 20 июнь 14:18 393

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассислари томонидан янги таҳрирдаги «Мобил алоқа хизматларини кўрсатиш қоидалари»нинг лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролик кодекси», Ўзбекистон Республикасининг «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Жумладан, янги таҳрирдаги ҳужжат лойиҳасида мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш, уни кўрсатиш тартиби ва шартларини, мобил алоқа тармоқлари операторлари, уларнинг дилерлари ва абонентларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек уларнинг жавобгарликларини белгилайди.

Бугунги кунда мобил алоқа тармоқларининг жадал ривожи ҳамда янги технологияларнинг кенг жорий қилинаётгани бу йўналишдаги хизмат кўрсатиш тартибини замонга мувофиқлаштириш, жумладан мобил алоқа операторларининг дилерлари фаолиятини тартибга солишни тақозо қилмоқда. Янги таҳрирдаги «Мобил алоқа хизматларини кўрсатиш қоидалари»нинг лойиҳаси айнан шу мақсадларга хизмат қилади.

Ҳужжат лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида танишиш ҳамда уни такомиллаштиришга ҳисса қўшишингиз мумкин.

Амалдаги «Мобил алоқа хизматларини кўрсатиш қоидалари» билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Изоҳ билдириш