917

Германия молия вазирига почта орқали бомба келди

Дунё | Тур 16 март 11:53 322

«Риа Новости» нинг ёзишича Германия молия вазири Вольфганг Шойбле почта орқали портловчи модда жойлаштирилган пакет қабул қилди. Хабарга кўра, бу жўнатма Грециядаги «Миллий демократия» мухолиф партияси раиси ўринбосари Адонис Георгиадиснинг Афинадаги офисидан жўнатилган.

Шубҳали cимлари чиқиб турган посилка чоршанба куни вазирликка келиб тушган. Полиция вазирлик биносидан ходимларни эвакуация қилган ва портловчи моддалар бўйича мутахассислар чақирилган.

Экспертлар хавфли топилмани Берлин шаҳри ташқарисидаги портлашларни амалга ошириш ҳудудига олиб кетган ва унинг таркибини ўрганишга киришган.

Пакетда портловчи қурилма ва пиротехника буюмларини тайёрлашда ишлатиладиган аралашма борлиги аниқланган. Бундай қурилма посилка очилган тақдирда ишлаб кетиши мумкин бўлганди.

Грециялик сиёсатчи бу посилка Афинадан жўнатилганини тасдиқлаган.

«Афсуски, бу тўғри ва бу сира ҳам кулгили эмас», дея ёзган у ўзининг «Twiterr» даги блогида. У ўзи террорчилар нишонига айланиб қолганини қайд этган.

Чоршанба куни унга тегишли китоб дўконида қўлбола бомба портлаганди.

Айни вақтда Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур ҳолат юзасидан текширувни бошлади.

Маълумот учун, 1990 йилда ИИВ раҳбари вазифасида бўлган Вольфганг Шойблега суиқасд уюштирилган, натижада сиёсатчи жиддий жароҳатланиб, ногиронга айланганди. У ҳозирда ногиронлар аравачасида ҳаракатланади.

Изоҳ билдириш