876

Ўзбекистонда 2017-йилда маҳаллийлаштириш дастури доирасида 960 лойиҳа амалга оширилади

Иқтисод 15 март 16:39 474

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016-йил 26-декабрдаги “2017-2019-йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори маҳаллийлаштириш кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Қарор билан тасдиқланган дастурга мувофиқ, келгуси икки йилда мамлакатимизда 3 миллиард 400 миллион долларлик қарийб 1 минг 150 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида саноат кооперацияси ҳамда маҳаллийлаштириш жараёнларини ривожлантириш истиқболларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди деб ёзмоқда «jahonnews«.

Анжуманда Иқтисодиёт, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари мутасаддилари, тадбиркорлик субектлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш иқтисодиётнинг барқарор ва изчил ривожланиши, унинг ташқи омилларга тобелигини камайтириш, ишлаб чиқариш жараёнларига янги самарали технологияларнинг татбиқ этилишини жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

2010-2016-йилларда икки мингга яқин маҳаллийлаштириш лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида умумий импорт ўрнини босиш самарадорлиги 7 миллиард 500 миллион доллардан кўпроқни ташкил этди.

Сўнгги уч йилда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига шахта вагонеткалари, вакуум насослар, кўтарма кранлар, ҳар хил турдаги ўтга ва кислотага чидамли материаллар, қурилиш жиҳозлари, сендвич панеллар, сунъий синтетик газонлар, шиша банкалар, бутилкалар, крахмал, нон маҳсулотлари учун ачитқилар цингари юз турдан ортиқ товарларнинг мамлакатимизга олиб кирилиши бутунлай тўхтатилган.

Маиший электротехника маҳсулотлари, автомобил филтр ва радиаторлари, пўлат қувурлар, керамик плиталар, тиббиёт ампулалари, полиграфик бўёқлар, болалар ўйинчоқлари, спорт анжомлари каби 350 дан ортиқ турдаги маҳсулотни четдан келтириш икки баравардан зийодга камайган.

Жорий йилда 960 лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 6 триллион 500 миллиард сўмга яқин маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши белгиланган. 122 турдаги ўзлаштиришга таклиф этилган маҳсулотлар аниқланган.

Президентимизнинг мамлакатимизни 2016-йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017-йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгиланган вазифаларга мувофиқ, иқтисодиёт тармоқлари кесимида маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш ҳисобига импорт ҳажмини камайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Маҳсулотлар импортини қисқартиришнинг қўшимча резервларини ўрганиш жараёни жорий йилда тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда импорт ўрнини босадиган янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ҳисобига импортни қўшимча 23 фоизга қисқартириш имконияти мавжудлигини кўрсатди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субектларини мазкур жараёнга фаол жалб этиш мақсадида Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари имкониятлари таҳлил этилди. Натижада йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 900 миллиард сўмлик 400 дан ортиқ қўшимча лойиҳа аниқланди.

Маҳаллий хомашё ва ресурслардан оқилона фойдаланишни рағбатлантириш, экспорт салоҳиятини ривожлантириш мақсадида маҳаллийлаштириш дастурига янги лойиҳаларни киритишнинг ягона мезон ва талаблари белгиланди.

Вазирлик расмий сайтидаги махсус автоматлаштирилган тизим (минеcономй.уз/уз/лоcал) тадбиркорлик субектлари томонидан тақдим этиладиган ҳужжатларни қабул қилиш ва кўриб чиқишда қулайликлар яратиш, лойиҳаларни киритиш жараёнининг очиқлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу ерда маҳаллийлаштириш дастурлари борасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, ўзлаштиришга таклиф этилаётган маҳсулотлар ва тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатлари билан танишиш мумкин.

Изоҳ билдириш