770

Депутатлар тиббий хизматларнинг қимматлигини танқид қилди

Жамият 14 март 16:12 389

2017 йилнинг 13 март куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия ва Республика ихтисослаштирилган урология марказларининг фаолиятларини муҳокама қилдилар.

Таъкидлаш лозимки, йиғилишдан аввал парламент аъзолари жойларда ҳақиқий ҳолатни чуқур ўргандилар. Депутатлар юқорида кўрсатилган тиббиёт муассасаларининг фаолиятини амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ келиши, хусусан, фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланишга бўлган ҳуқуқининг амалга оширилишини таҳлил қилдилар.

Депутатлар ўз чиқишларида тиббиёт тизими муассасалари томонидан қонун ҳужжатлари талабларининг етарли даражада ижро этилмаётганлиги, Президентимиз томонидан белгиланган вазифаларнинг суст бажарилаётганлиги каби қатор масалаларга эътибор қаратдилар. Ушбу соҳада фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, тиббий хизматларнинг қимматлиги ҳамда ҳудудларда улар филиалларининг мавжуд эмаслиги боис хизматлардан фойдаланиш имкони йўқлиги билан боғлиқ бир қатор масалалар кўтарилди. Бу борада, ҳар бир ихтисослаштирилган тиббиёт маркази республикамиз ҳудудларида ўз филиалларини ривожлантиришга доир дастурларига эга бўлиши, жаҳон миқёсидаги етакчи тиббиёт марказлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиши, марказларнинг ихтисослашуви йўналишлари бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириши лозимлиги қайд этилди.

Мажлисда депутатлар мамлакатимизнинг ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини сифат жиҳатидан яхшилаш, қонун ҳужжатларини ва унга доир ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришда ҳокимиятнинг ваколатли ва ижро этувчи бўғинларининг самарали ҳамкорлиги борасидаги тизимли фаолиятининг муҳимлиги таъкидлаб ўтилди.

Мажлис якунига кўра, Қонунчилик палатаси тиббиёт соҳасини ривожлантириш борасидаги долзарб вазифалар рўйхати батафсил белгиланган тегишли қарорни қабул қилди. Ушбу вазифаларнинг ижро этилиши устидан эса депутатлар томонидан самарали парламент назорати таъминланади.

Изоҳ билдириш