7313

Манчестерда ярин тунда теракт юз берди, 19 киши ҳалок бўлди

Дунё 23 май 9:41 257

22 май оқшомида Манчестер шаҳрида Ариана Гранденинг Manchester Arena ёпиқ стадионида ташкил этилган концерти вақтида портлаш юз берди. Полиция маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида камида 19 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар тан жароҳати олган.  Meduza нашри ушбу теракт ҳақидаги тафсилотларни бир саҳифага жамлади.

Портлаш ҳақидаги ахборот маҳаллий вақт билан соат 22:35 да (Тошкент+4) келиб тушди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, портлаш (ёки иккита портлаш) овози концерт тугаши билан янграган. Manchester Arena’да олинган кўплаб видеоёзувларда одамлар ваҳимада зални тарк этишга уринаётгани акс этган.

Камида 19 киши ҳалок бўлган, 50 киши жабрланган. Полиция қурбонлар ҳақидаги расмий ахборотни ҳодиса юз берганидан икки ярим соат ўтиб эълон қилди. Бунгача АҚШнинг NBC News телеканали манбаларга асосланиб камида 20 киши ҳалок бўлгани ва «юзлаб одамлар» жароҳатлангани ҳақида хабар берган эди; гувоҳлар ерда чўзилиб ётган 20 нафардан 30 нафаргача одамни кўрганини айтган. Концертда жами қанча одам бўлгани ҳозирча айтилмаяпти; Manchester Arena ўз бағрига 21 минг томошабинни сиғдира оладиган Европадаги энг катта ёпиқ стадионлардан биридир.

Портлаш залнинг ўзида бўлмаган. Транспорт полициясининг маълум қилишича, портлаш стадион фоесида юз берган, Manchester Arena маъмурияти эса ҳодиса «иншоотдан ташқарида, жамоат маконида» юз берганини таъкидламоқда. Портлаш сабаб шаҳарнинг асосий темирйўл станцияларидан бири, арена ёнидаги Manchester Victoria бекати ёпилган.

Тергов ҳодисани теракт сифатида кўриб чиқмоқда. Полиция вакилларининг маълум қилишича, рад этувчи бошқа далилларни топа олишмаса, айнан теракт версияси устувор бўлиб қолади. NBC News ва Reuters’нинг манбалари эса террорчи-худкуш билан боғлиқ версия ўрганиб чиқилаётганини билдирган. ABC News манбасининг маълум қилишича, портловчи ускуна михлар билан тўлдирилган бўлган.

Концертда кўплаб болалар ва ўсмирлар бўлган – хонандалик ва актрисалик фаолиятини болалигидаёқ бошлаган 23 ёшли Ариана Гранде асосан ёшлар орасида машҳур. Портлашдан сўнг ижтимоий тармоқларда ота-онаси билан концертга келган болаларнинг йўқолиб қолгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Хонанданинг ўзи эса, унинг вакиллари берган маълумотга кўра, портлаш оқибатида жабрланмаган.

Изоҳ билдириш