6488

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Dreamliner’да Тошкент-Рига-Нью-Йорк-Тошкент йўналишида илк парвозни амалга оширади

Ўзбекистон 17 май 9:34 253

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси 18 май, пайшанба куни Тошкент—Рига—Нью-Йорк—Тошкент йўналишида Boeing 787 Dreamliner самолётида илк парвозни амалга оширади. Бу ҳақида авиакомпания матбуот хизмати хабар бермоқда.

Boeing 787 самолётларининг мазкур йўналишда эксплуатация қилиниши йўловчиларга Ригага 20-30 дақиқа, Нью-Йоркка эса бир соат олдин етиб бориш имконини беради.

246 та (бундан 24 та «бизнес» ва 222 та «эконом» класс) ўриндиққа мўлжалланган Dreamliner салони дизайнига янгича ёндашув йўловчиларига узоқ парвоз давомида барча шароитларни яратади. Қулай ва кенг ўриндиқлар, ҳар бир йўловчи учун алоҳида мониторлар, ҳавони намлантирувчи махсус ускуна, янги саҳн қопламалари, ёритиш ва шовқин ўтказмайдиган тизимлар йўловчиларнинг парвозларини мароқли ўтказишига имкон беради.

Фото: «Ўзбекистон ҳаво йўллари» матбуот хизмати

Фото: «Ўзбекистон ҳаво йўллари» матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Boeing 787 Dreamliner самолётларининг тижорий эксплуатациясини ўтган йилнинг сентябрь ойидан бошлаганди. Бугунги кунда улар орқали Дубай, Истамбул, Тель-Авив, Сеул, Франкфурт, Москва, Куала-Лумпур ва Сингапур шаҳарларига қатновлар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Шу йил 27 июлида эса миллий авиаташувчи илк бор «орзу лайнерида» Тошкентдан Нью-Йоркка тўғридан-тўғри узлуксиз парвозни бажаради. Шунингдек, миллий авиакомпания Рига орқали АҚШга ҳафтасига бир марталик қатновларни сақлаб қолади.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш