628

Президент Бухоро темир йўл вокзалидаги шароитлар билан танишди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи давомида Бухоро темир йўл вокзалида бўлиб йўловчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати хабар берган.

2016 йил августида, Мустақиллик байрами арафасида Тошкент – Бухоро йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи Afrosiyob электр поездининг илк қатнови амалга оширилганди.

Президент мазкур янги Afrosiyob электропоезди имкониятлари, йўловчилар учун яратилган қулайликлари билан яқиндан танишган.

«2011 йилдан бошлаб ҳозиргача юртимизда 2 юқори тезликда ҳаракатланувчи Afrosiyob электропоезди йўловчиларга хизмат қилиб келмоқда. Янги замонавий электропоезди олдингиларига қараганда кенг имкониятга эга. Хусусан, шу вақтга қадар ҳаракатланаётган юқори тезликдаги электропоездлар 215 йўловчи сиғимига эга бўлиб, 2 та VIP, 2 та бизнес ва тўртта эконом тоифали вагонлардан иборат. Янги поезд эса 287 йўловчи сиғимига эга. Унда эконом тоифали вагонлар сони 2тага кўп. Бу бир вақтнинг ўзида қўшимча 72 йўловчини ўз манзилига этказиш имкони демакдир.

Тез кунларда замонавий электропоезднинг иккинчиси ҳам юртимизга олиб келинади. Поездлар ҳаракатини йўлга қўйиш баробарида қўшимча иш ўринлари яратилиб, 15 машинист ва 50 га яқин вагон кузатувчиларини иш билан таъминлаш назарда тутилган. Шунингдек, «Ўзтемирйўлмаштаъмир» шўба корхонаси ҳудудида юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларга хизмат кўрсатиш цехи қурилмоқда. Бу ҳам янги иш ўринларини кўпайтириш имконини беради», деб таъкидланган  хабарда.

Изоҳ билдириш