6232

Шавкат Мирзиёевнинг хитойлик тадбиркорлар ҳақидаги фикрлари

Ўзбекистон 13 май 17:40 391

Учрашувда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз борди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқотда Ўзбекистонда ХХРнинг етакчи саноат компаниялари билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли алоқалар йўлга қўйилгани, нефт-газ ва телекоммуникация тармоқлари, транспорт, тўқимачилик, сайёҳлик, қурилиш, кимё саноатида ва бошқа йўналишларда қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани қайд этилди.

«Бу ерда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келаётган ишбилармонларни кўраётганимдан хурсандман, —деди Ўзбекистон президенти. — Биз хитойлик тадбиркорлар билан бирга ишлашдан мамнунмиз».

Шавкат Мирзиёев Хитой бизнес субъектлари Ўзбекистондаги кўплаб янги саноат корхоналарида ишлаб чиқаришни йўлга қўйганини қайд этди.

«Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан биридир. Республикада Хитой капитали иштирокидаги 700 дан зиёд компания ва корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йиллар давомида хитойлик сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 8 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритгани барчамизни хурсанд қилади», деди Шавкат Мирзиёев.

Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, техникавий, энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини оширишга оид масалалар хусусида сўз юритилди. Ўзбекистон раҳбари бугунги кунда Ўзбекистонда самарали фаолият юритаётган хитойлик ишбилармонларга миннатдорлик билдирди, алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканлигини қайд этди.

Учрашувда Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ҳамраиси Мен Цзен Чжу, «CОFCО» корпорацияси директорлар кенгаши раиси Чжао Шуанлян, Хитой давлат тараққиёт банки вице-президенти Чжан Сюгуан, Хитой Эксимбанки вице-президенти Сун Пин, «Поли интернешнл» компанияси бош директори ёрдамчиси Мяо Цзечун ва бошқалар Ўзбекистон билан ҳамкорлик юқори натижалар бераётгани, бундан кейин ҳам ўзаро алоқаларни давом эттиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш