6174

Ўзбекистонда 12 май — Халқаро ҳамширалар куни кенг нишонланди

Ўзбекистон 12 май 22:20 710

12 май — Халқаро ҳамширалар куни бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланади. Ушбу сана муносабати билан мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигида ҳамширалик ишини янада такомиллаштириш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган республика анжумани бўлиб ўтди. Видеоселектор шаклида ўтган тадбирда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Республика илмий-амалий тиббиёт марказлари ва тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари, профессор-ўқитувчилар, пойтахт ва вилоятлардаги клиникаларнинг бош шифокорлари ва Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан ҳамширалар иштирок этди. Анжуманни соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов очиб берди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

А.Шодмоновнинг таъкидлашича, жаҳондаги илғор тажрибалардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ўрта ва олий маълумоти ҳамширалар тайёрлаш бўйича ўзига хос тизим яратилган ва бу жараён узлуксиз такомиллаштирилмоқда. Ҳозирги кунда Тошкент Тиббиёт Академияси ва тиббиёт институтларининг “Олий ҳамширалик иши” бўлимларида анестезиология ва реанимация, хирургия, акушерлик ва менежмент йўналишлари бўйича уч ярим мингдан ортиқ олий маълумотли бакалавр ҳамшира тайёрланди, 100 нафардан ортиқ ҳамшира магистр даражасига эга.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати

— Эътиборли томони, эндиликда ҳамшираларимиз илмий иш қилиб, олимлик даражасига етишлари учун барча имкониятлар яратилди. Бу учун ҳамширадан фақат доимий ўз устида ишлаш, илмга чанқоқлик талаб этилади, —  дейди соғлиқни сақлаш вазири.

Соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ҳамда уларни ихтисослаштириш маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари тубдан ислоҳ қилинаётгани, бугунги замон талаблари даражасида қайта шакллантирилаётганини таъкидлади.  Хусусан, тез тиббий ёрдам диспетчерлари ва патронаж ҳамширалар малакасини ошириш бўйича ўқув режа ва дастурлари янги таҳрирда қайта кўриб чиқилиб,  тасдиқланди. Шунингдек, ҳамшираларнинг малака ошириш бўйича тақдим қилинадиган ҳужжатларини он-лайн тартибда қабул қилиш жараёнлари бошланди.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш