6168

Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпиннинг музокаралари бўлиб ўтди

Ўзбекистон 12 май 22:08 420

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 11 май куни давлат ташрифи билан Хитойга ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни 12 май куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши биносида расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Ўзбекистон ва Хитой давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон раҳбарини Хитойга биринчи давлат ташрифи билан самимий қутлади.

Сиз билан Пекинда учрашиб турганимдан ғоят хурсандман. Бу йил давлатларимиз ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлгани ҳамкорлигимизнинг бундан кейин ҳам жадал ривожланишига замин бўлади. 2016 йилда Бухорода бўлганимда менга ҳамроҳлик қилганингиз учун миннатдорман. Бугун барча соҳаларда ҳамкорлигимиз изчил ривожланаётгани бизни қувонтиради, деди Си Цзиньпин.

ХХР Раиси Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари янги даврга, сифат жиҳатдан янги босқичга қадам қўяётганини, бу босқич юқори технологиялар соҳасида кенг кўламли ҳамкорлик бошлангани билан изоҳланишини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев таклиф учун миннатдорлик билдирди ва бугунги музокаралар олий даражадаги мулоқотларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятига ҳурмат кўрсатиб, 2016 йил Бухорога борганингиз, аждодларимиз қолдирган бой маданий меросга катта қизиқиш билдирганингиздан хурсандмиз. Ўзбекистон Хитойни қадимий тарих ва ноёб маданият, улкан салоҳиятга эга, жаҳон иқтисодиётининг етакчиларидан бўлган ва ўз мақсадлари йўлида дадил бораётган мамлакат сифатида билади, деди Шавкат Мирзиёев.

Музокараларда ўзаро ва кўп томонлама муносабатларга оид долзарб масалалар, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Кенгайтирилган таркибдаги музокарада иқтисодий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Бугунги кунда Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан биридир. Мамлакатда Хитой капитали иштирокидаги 700 дан зиёд компания ва корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йиллар давомида хитойлик сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 7,8 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритган.

2016 йил якунлари бўйича ўзаро савдо айланмаси ҳажми 4,2 миллиард долларни ташкил қилди. Хитой бозорида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотлари, пластмасса буюмлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб ошиб бормоқда.

Хитой томони Ўзбекистондаги иқтисодий ривожланиш динамикаси ва кенг кўламли тузилмавий янгиланишларга юксак баҳо берди ва юқори технологиялар соҳасида, жумладан, саноат ва технология парклари яратиш орқали ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Музокаралар икки томонлама муносабатлар изчил ривожланаётганини ҳамда устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликнинг истиқболи порлоқ эканини ёрқин намоён этди.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш