5807

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошчилигидаги делегация Тошкентга келди

Ўзбекистон 10 май 13:56 227

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Тошкент халқаро аэропортида меҳмонларни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва БМТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Стефан Приснер кутиб олди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (ИҲОКБ) делегациясининг 2017 йил 10—12- май кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида Ўзбекистон билан ИҲОКБ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, шунингдек, томонларни қизиқтирган соҳаларда келгусидаги алоқалар ва ҳамкорлик йўналишларини аниқлаш масалалари муҳокама этилади.

БМТ радиоси хабар беришича, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Зайд Раад ал-Ҳусайн инсон ҳуқуқлари бўйича дунёдаги вазият ҳақида маърузани тақдим этар экан, Ўзбекистоннинг муваффақиятларини алоҳида таъкидлаб ўтган. Унинг фикрича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев суд-ҳуқуқ тизимини самарадорлигини оширишга ҳамда адолатли ва мастақил суд жараёнларини ташкил этишни таъминлашга қаратилган қонунлар қабул қиляпти.

Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг инсон манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Олий комиссарнинг фикрича, ушбу ташаббуслар юқори халқаро андозалар талабларига жавоб беради, халқ фаровонлигини ошириш йўлида мулоқот учун очиқлигидан далолат беради.

Олий комиссар Ўзбекистоннинг БМТ ҳуқуқни ҳимоя қилиш тузилмалари билан ҳамкорлиги ҳақида ижобий фикр билдирди. У Ўзбекистонга Ҳаракатлар стратегиясининг тегишли қисмларини ҳаётга татбиқ этишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Изоҳ билдириш