5530

Қозоғистон билан чегарадаги иккита ўтказиш пункти 15 майда очилади

Ўзбекистон 1 май 10:54 257

Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегараларида «Оқ олтин» ва «Малик» автомобиль ўтказиш пунктлари 15 майдан ўз фаолиятини бошлайди. Бу Ўзбекистон Президентининг 26 апрелдаги қарорида ўз аксини топган, дея хабар бермоқда «Газета.uz«.

М-39 трассасида жойлашган мазкур ўтказиш пунктлари Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги қисқа йўлни туташтиради ва фақат енгил автомобиллар ўтиши учун хизмат қилади. Юклар ва тижорий мақсадлардаги товарларнинг олиб ўтилиши тақиқланади.

Нотранзит мақсадларда Қозоғистонга ўтувчи Ўзбекистон фуқаролари ҳамда Қозоғистон фуқароларига нисбатан чегара назорати қонунчиликда белгиланган ва Ўзбекистон имзолаган халқаро шартномалар асосида амалга оширилади.

Жанубий Қозоғистон вилоятининг Махтаарал тумани ҳудуди орқали тўхталишларсиз ўтувчи Ўзбекистон фуқаролари соддалаштирилган тартибда — чегара белгиси қўйилмасдан ўтказилади. Бунда шахсни тасдиқловчи, давлат чегараларини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар мажбурий тартибда текширувдан ўтказилади.

Иккита ўтказиш пунктида божхона назорати ҳам соддалаштирилган тартибда амалга оширилади. Бунда божхона декларацияси тўлдирилмайди, транспорт воситасини рўйхатга олиш ва божхона текширувидан ўтказиш талаб қилинмайди, бироқ мажбурий тартибда визуал кўрик амалга оширилади.

Чегарани кесиб ўтувчи фуқаро божхона қонунчилиги талабларига риоя қилиш мажбуриятидан озод қилинмайди.

Махтаарал тумани орқали ўтувчи М-39 автомобиль йўли 2006 йилда ёпилган эди

Изоҳ билдириш