55261

Қайнотасини ўлдирган куёвга ҳукм ўқилди

Ўзбекистон 16 октябрь 15:45 921
Фото: Google

Оила, турмуш, фарзандлар саодати йўлидаги киши, айниқса эр киши тиним билмайди, аслида. Кундуз меҳнат қилса, тунда режа яратади. Бу эса ҳар кунининг файзиёблиги асоси.

Уйда ётиб зериккан Мансур Очилов (исм шарифлари шартли ўзгартирилган) кўчага чиқаркан, маҳалладош оғайниси билан гап ичкиликка бориб қадалди. Нафс жилови қўлдан кетди. Ичкилик бўлди. Рўзғор учун отасидан пул олиб бозорга кетган аёл эрининг туришидан аччиқланди. Аммо гапирмади, чунки унинг феълини биларди.

Бир инсон умрига зомин бўлган, мусибатли калом….. – ўн минг сўм орттириб келдингми?! Йўқ, орттиролмадим! Шугина гап. Эр-хотиннинг жанжали маҳаллани тутди. Калтакланган, хўрланган аёл отасини чақиртирди.

“Эркак бўлиб бир рўзғорни эпламаса-ю қолмишига хотин урарканми?!” Бу тахлит таъна куёвга ёқмади. Боз устига у ширакайф, аламзада эди. “Сўз жанги” бориб калтакбозликка ўтди.

Куёв кучли. Қайнота ожиз. Кекса. Отасининг юз-кўзи, бошига куракча билан тушаётган зарбалардан юраги ортига тортган аёл эрининг қўлига ёпишиб, куракчани тортиб олди. Аммо эр ҳали ҳовридан тушмаганди. Ошхона томон югуриб болта билан қайтиб чиқди. Ҳоли қуриган, қўрқиб кетган қайнота қоча бошлади. Бироқ атиргул тиконига илиниб қоқилди. Важоҳатт билан етиб келган куёв эса, вояга етмаган, чирқиллаб турган фарзандлари кўз олдида болтани қайнотанинг бошига солди…

Озодликнинг қадри,  ҳаётнинг орқа томони –  темир панжара ортида. Буни айни ўша кундан ҳис эта бошлаган Мансур Очилов  суддан енгиллик сўраб зорланди…

Ширингина турмуш, меҳнат, ҳалол ва тотли ризқ кўз олдидан ўтаверади. Шуни қилсам бўларди. Ўшанда… ўшанда қўлимда кишан йўқ эди…

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди раиси Д.Камилов раислигида жиноят иши ҳар томонлама ўрганиб чиқилиб, ишда мавжуд далиллар  қайта-қайта аниқлик киритилган ҳолда  Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в,ж” бандлари билан айли деб топиб 57-моддасини қўллаб, 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Кўпинча, шундай қотилликлардан кейин бошқалар томонидан туппа-тузук оиланинг фарзанди эди деган гапларни эшитамиз. Ҳа, атрофимиздаги деярли барча оилалар туппа-тузукка ўхшаб кўринади. Бироқ, туппа-тузук оиланинг фарзанди бундай мудҳиш қотилликка қўл урмайди. Бундай биз туппа-тузук деб ўйлайдиган, оилада қандайдир “муруват” ишламайди ёки нотўғри “бураб” қўйилган. Бу оилаларда эрнинг хотинга, болаларга муносабати қандай? Яна бир мушоҳада, бизда кўплаб жамоатчилик ташкилотлари мавжуд.

Маҳалла, Нуроний, “Оила” илмий-амалий маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи…. Улар шу каби нотинч оилаларнинг ичига кириб боролмаган. Қолаверса, Маҳалла томонидан судланувчига бериладиган тавсифномани ҳатто қасддан одам ўлдирган инсонга ҳам ижобий тавсифнома бериш ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Шу асосларга кўрса суд судланувчи истиқомат қилувчи Маҳаллага нисбатан хусусий ажрим чиқарди ва туман ҳокимлигига юборди.

Мана, қайнотасини ўлдирган куёвга ўқилган ҳукм уни панжара ортига равона қилди. Биз истисно тарзда демоқчимиз: Боқимандалик, ялқовлик айниқса эр киши учун уни ожиз этувчи хавфдир. Бунданда кучли хавф эса бефрқлигимиздир. Хулоса сиздан азизлар.

Акрамжон Арипов,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 катта консультанти

Изоҳ билдириш