55237

Ўзбекистонда “буханка” нархи ўртача 27%га ошди

Иқтисод 15 октябрь 11:49 932

Бугун, 15 октябрьдан Ўзбекистонда қолипли “буханка” нон нархи кўтарилди. “Буханка” нон бугундан 1400 сўмдан, айрим жойларда эса 1500 сўмдан сотилмоқда

Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда нон нархи 40-45 фоизга ошиши ҳақида тахминлар урчиганди. Ҳозирда нон нархининг кўтарилган қийматини фоиз ҳисобида олсак, нонни 1400 сўмдан сотаётганлар ўртача 27 фоизга, 1500 сўмдан сотаётганлар эса 36 фоизга оширган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 15 октябрдан:

2019 йил ҳосилидан тайёрланган ва ун ишлаб чиқаришга мўлжалланмаган буғдой ғалла истеъмолчиларининг барча тоифаларига фақат биржа орқали сотилади;

давлат харидлари доирасида сотиб олинган буғдойни қайта ишлашдан олинган ун барча истеъмолчиларга 100 фоиз тўловни олдиндан амалга ошириш орқали очиқ биржа савдоларида сотилади;

2019 йил ҳосилидан тайёрланган буғдойнинг 1 тоннаси ун ишлаб чиқаришга 1300 минг сўмдан улгуржи нархда сотилади.

Ўзбекистонда нон нархи охирги марта 2018 йил сентябрь ойида 1100 сўмга кўтарилганди. Бундан олдин у кўп йиллар давомида 600-650 сўмни ташкил қилган.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига 2018 йил 1 октябрдан бошлаб ун ва қолипли нон олиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида компенсация тўлови жорий этилганди.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган айрим тоифаларига бериладиган ҳар ойлик пул компенсацияси оширилиб, 50 000 сўм миқдорида белгиланди.

Изоҳ билдириш