Жорий йилнинг 17 август куни Россиянинг Пермь вилоятида йўловчи автобуси иштирокида содир бўлган йирик йўл-транспорт ҳодисасида йўловчилар ҳаётини қутқаришда қаҳрамонлик кўрсатган Данил Юлдашев Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ишга қабул қилинди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 17:00лар атрофида содир бўлган эди. Йўловчи автобус автоуловнинг носозлиги сабабли дўкон деворига бориб урилади. Фалокат оқибатида 32 нафар йўловчи тан жароҳатлари билан шифохонага етказилади, бир нафар йўловчи эса воқеа жойида ҳалок бўлади.

Машғулотлар ўтказиш учун спорт залига йўл олган 20 ёшли Данил ЙТҲни кўриб, дарҳол жабрланганларга ёрдам беришга шошади. Икки соат давомида автоуловдан жароҳатланаганларни олиб чиқишда ёрдамлашади, уларга дастлабки тез тиббий ёрдамни кўрсатади.

«Қисқа вақт ичида Данилнинг жасорати тилларга тушади, ижтимоий тармоқларда унга қаҳрамон унвонини бериш ҳақида фикрлар билдирилади. 21 август куни Пермь ўлкаси губернатори Максим Решетников Данил Юлдашев билан учрашиб, унга ташаккурнома топширди. Данилнинг мардонавор ҳаракатлари юртимизнинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси томонидан ҳам эътироф этилди», — дейилади хабарда.

Буларнинг барига жавобан Данил ўзини қаҳрамон ҳисобламаслигини, қийин аҳволга тушганларга ёрдам бериш ҳар бир инсоннинг бурчи эканини таъкидлади. Данил Юлдашев Тошкентда ўсиб-улғайган, оилавий шароитлар сабаб етти йил муқаддам Россияга йўл олиб, ўша ерда истиқомат қилиб келган.

Қайд этилишича, ушбу қаҳрамонликдан сўнг Россия Федерацияси Данилга ўз фуқаролигини таклиф қилди. «Бироқ у ўзини туғилган юртининг ривожи учун жавобгар билади. Мана шу ниятини амалга ошириш, ўзини, имкониятларини кўрсатсин дея Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Данил Юлдашевни ўз сафига қўшди, уни ишга қабул қилди», — дейилади хабарда.