55150

Соғлиқни сақлаш вазири бош прокурорга мурожаат қилди

Ўзбекистон 3 октябрь 10:29 2 257

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги 6-подстанциянинг тез тиббий ёрдам шифокори Жаҳонгир Хўжаевнинг ўзига нисбатан бемор яқинлари томонидан тажовуз қилингани ҳақидаги мурожаати эълон қилинган эди.

Унда шифокорга беморнинг қариндошлари томонидан ҳақоратланиб, жароҳат етказилгани қайд этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг «Дарё»га хабар беришича, вазир Алишер Шодмонов айни пайтда 7-клиник шифохонада даволанаётган Жаҳонгир Хўжаев ҳолидан хабар олди, унинг соғлиғи билан қизиқди.

Республиканинг етакчи мутахассислари билан консилиум ўтказиб, Жаҳонгир Хўжаевнинг соғайиб кетиши учун лозим бўлган барча чора-тадбирларни кўриш юзасидан топшириқлар берди.

Шу куннинг ўзида Жаҳонгир Хўжаевга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида пойтахтдаги 7-клиник шифохонадан Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига даволаниш учун кўчирилди.

«Вазир, шунингдек, ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, ўзгаларга шифо бахш этаётган, инсонлар дардига дармон бўлаётган шифокорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилиш учун алоҳида ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш вақти аллақачон келганини, елкасига улкан масъулиятни олиб, инсон саломатлиги йўлида туну-кун хизмат қилаётган касб эгаларига нисбатан бўлаётган салбий муносабатларни ўзгартириш зарурлигига эътибор қаратди.

Энг муҳими, ҳар бир тиббиёт ходими меҳнат фаолияти, ҳақ-ҳуқуқи вазирлик ҳимоясида эканини таъкидлади. Шунинг учун ҳам Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов шифокорларга тажовуз қилиш каби иллатнинг олдини олишнинг энг самарали йўлларидан бири сифатида тиббиёт ходимига нисбатан содир этилаётган ҳар бир ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун қатъий жавобгарликни кучайтириш баробарида уни назоратга олиш кераклиги бўйича шу йилнинг 2 октябрида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилди», — дейилади хабарда.

Ўз навбатида Жаҳонгир Хўжаев тиббиёт ходимлари обрўсини юксалтириш йўлида ҳамиша ўз хиссасини қўшишини қатъий билдириб ўтди, дейилади хабарда.

Изоҳ билдириш