55086

Тошкентда жангарилар сафига қўшилмоқчи бўлган шахслар фаолиятига чек қўйилди

Ўзбекистон 25 сентябрь 12:51 547

Тошкент шаҳрида халқаро террорчилик ташкилотлари сафига қўшилишни режалаштирган шахсларнинг фаолияти фош этилди.

ИИВ хабарига кўра, 23 сентябрь куни ИИВ ва ДХХ ходимларидан иборат тергов-тезкор гуруҳи томонидан Тошкент шаҳри ҳудудида ўтказилган тадбирлар натижасида уч фуқаронинг Сурия давлати ҳудудидаги халқаро террорчилик ташкилотларининг сафига қўшилишни режалаштириб келганликда гумон қилинган 8 нафар жиноий шериклари аниқланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилди.

Ушбу шахсларнинг яшаш манзилларида тинтув тергов ҳаракатлари ўтказилиб, жиноят ишига дахлдор бўлган ашёвий далиллар олинган. Олинган ашёвий далиллар юзасидан тегишли экспертизалар тайинланган.

“Фуқароларимиз, айниқса ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликларини, сақламасликлари ва тарқатмасликларини сўраймиз”,  – дейилади хабарда.

Ўзбекистон ЖКнинг 244.1-моддаси 1-қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан фуқаролар Б.Т., У.М. ва Ж.А.ларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳ билдириш