55083

Андижон ҳокими тўрт кунда 2,5 тонна пахта терган оилага Nexia совға қилди

Иқтисод 25 сентябрь 12:44 264

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов энг фаол теримчи деб топилган қўрғонтепалик Ирода Каримовага Ravon Nexia автомобилини топширди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Хабар беришларича, Ирода Каримова «Дардоқтепа» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. «Пахта мавсуми бошидан ўз турмуш ўртоғи билан тўрт кунда давлатга 2,5 тонна ‘оқ олтин’ териб топширган», — дейилади ҳокимлик ахборотида.

Қўшимча қилишларича, 23 сентябрь куни Навоий массивидаги «Келажак садоқати» фермер хўжалигида ўтказилган учрашувда ҳоким Абдураҳмонов теримчиларга «кўрсатаётган қаҳрамонликлари учун» ўз миннатдорчилигини билдириб, илғорларга эсдалик совғалари улашган, фаол теримчиларга кир ювиш машинаси, музлатгич ва дазмоллар совға қилинган.

Аввалроқ Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бир кунда ярим тонна (баъзи манбаларга кўра, 300 кило) пахта терган аёлга Spark автомобили совға қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳ билдириш