55008

1 октябрдан машиналар нархи ошадими? «UzAuto Motors» расмий жавоб берди

Технология 16 сентябрь 10:56 3 238

1 октябрдан автомобиллар нархи ошмайди. Бу ҳақда, «UzAuto Motors» АЖ хабар бермоқда.

Компаниянинг эслатишича, 2019 йилнинг 1 октябридан эътиборан юртимизда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун Республика йўл жамғарамасига амалга ошириладиган 3% миқдоридаги йиғим бундан буён автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланади.

Харидорлар эса ўша 3%лик тўловни эндиликда Ички ишлар органларида эмас, балки автомобиль харид қилаётган чоғида автомобиль нархи билан бирга амалга ошириши лозим бўлади. Бу харидорларга қўшимча қулайлик яратади, демоқда компания.

1 октябргача шартнома имзолаган, аммо ҳали автомобилини олмаган харидорлар билан қўшимча келишув имзоланади ва улар 3%лик тўловни автомобилни қабул қилиб олиш чоғида дилерлик корхонасига тўлайди.

Гарчи UzAuto Motors АЖ 1 октябрдан эътиборан ҚҚС тўловчисига айланса ҳам, автомобиль нархлари Республика йўл жамғармасига амалга ошириладиган мазкур тўловни инобатга олмаганда ўзгаришсиз қолдирилган.

Хабар сўнггида компания барча харидорларга дилерлик корхоналари ходимлари томонидан нархлар ошиши борасида берилаётган бошқа маълумотларга ишонмасликни, барча расмий маълумотлар фақат компаниянинг расмий сайтида эълон қилинишини эслатиб ўтган.

Изоҳ билдириш