54998

«ЙПХ ходими аёл кишини дубинкада уриб ўлдириб қўйди» хабарига расмий муносабат

Ўзбекистон 16 сентябрь 9:21 1 867

Ижтимоий тармоқларда юқоридаги сарлавҳа билан тарқатилган хабар Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.

Маълум бўлишича, Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспектори шу йил 12 сентябрь куни тахминан соат 18.30лар атрофида Ургут тумани 4-Р-47, “Булунғур-Ургут-М-39” автомобиль йўлларида хизмат олиб бораётганида, 2000 йилда туғилган, Тойлоқ туманида яшовчи Ж.С. фуқаро Э.Н.га тегишли бўлган “Дамас” русумли, 30 Х 568 МA давлат рақамли автомашинани Навоий-Ургут йўналиши бўйлаб бошқариб келаётганида, ЙҲХБ инспектори томонидан тўхтатилиб, унинг ҳужжатлари текширилганида, автомашинанинг суғурта полиси муддати ўтганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан ЙҲХБ инспектори ҳайдовчи Ж.С.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштираётган вақтида, ушбу автомашинада йўловчи сифатида келаётган 1965 йилда туғилган Қ.Р. унинг ўғиллари, 1988 йилда туғилган Қ.Б. ҳамда 1993 йилда туғилган Қ.С.лар ЙҲХБ инспектори фаолиятига тўсқинлик қилганлиги учун, тасдиқланган дислокация бўйича бирга хизмат олиб бораётган Ургут тумани ИИБнинг икки нафар профилактика инспекторлари томонидан ЙҲХБ инспектори фаолиятига тўсқинлик қилмасликлари борасида тушунтириш беришганида, ушбу фуқаролар ходимларнинг қонуний ҳаракатларига фаол қаршилик кўрсатиб, уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, уларни уриб тан жароҳати етказишганлиги оқибатида зиддият келиб чиққан.

Шу вақтда фуқаро Қ.Р. профилактика инспекторининг хизмат кийими ўнг елка погонини, Қ.Р.нинг ўғилларидан бири иккинчи профилактика инспекторининг хизмат кийими чап елка погонини юлиб олган.

Ушбу зиддиятни гувоҳи бўлган Қ.Б.нинг онаси 1965 йилда туғилган У.Р. автомашинадан тушиб, уларни ажратиш мақсадида бораётганида тўсатдан қон босими кўтарилиб, ўзини ёмон хис қилган ва ерга йиқилган, лекин ҳушида бўлган.

Шу фурсатдан фойдаланиб, “Дамас” русумли автомашина ҳайдовчиси Ж.С. ЙҲХБ инспекторининг қўлидан ўзига тегишли бўлган ҳужжатлар ва маъмурий баённомани тортиб олмоқчи бўлиб, фаол қаршилик кўрсатган ҳамда ЙҲХБ инспекторининг кўкрак нишони юлиб олиб, номаълум томонга қочиб кетган.

Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида 2019 йил 12 сентябрь куни соат тахминан 22:30ларда Ургут тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан ҳайдовчи С.Ж. танишлари орқали ички ишлар бўлимига чақиртирилиб, воқеани расмийлаштириш жараёнида, ундан кўкрак нишони ҳужжатлаштириб олинган.

Фуқаро У.Р.нинг соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли, профилактика инспектори томонидан тиббий ёрдам кўрсатилиши учун йўлдаги автомашинага ўтказиб, ушбу ҳудудда жойлашган Ургут тумани Сариқтепа маҳалласидаги қишлоқ врачлик пунктига олиб борган, аммо қишлоқ врачлик пунктида ҳеч ким бўлмаганлиги сабабли, шу яқинда истиқомат қилувчи, ушбу врачлик пункти шифокорининг яшаш уйига олиб борилган. Шифокор томонидан фуқаро У.Р.га тиббий ёрдам кўрсатилиб, ҳеч қандай тан жароҳати йўқлиги ҳамда қон босими пасайиб, аҳволи яхшиланганлиги сабабли, уйига жавоб берилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ургут туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳ билдириш