54975

Шайх Абдулазиз Мансур янги лавозимга тайинланди

Ўзбекистон 13 сентябрь 15:42 553

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур 12 сентябрь, пайшанба куни Ислом цивилизацияси маркази директорининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда диний идоранинг расмий веб-портали хабар бермоқда.

Хабар беришларича, мазкур тайинлов «Ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган илмий фаолиятни қайта тиклаш ва ривожлантириш борасидаги ишларни жадаллаштириш мақсадида» амалга оширилган.

«Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг масъулиятли ва шарафли янги вазифаларида Аллоҳ таборака таолодан улкан муваффақиятлар тилаймиз», — дейилади диний идора расмий веб-порталида эълон қилинган ахборотда.

Шайх Абдулазиз Мансур (1944 йили Фарғона туманида туғилган) Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий ма’ҳади (1975—1979) ва Судан Ислом университетини (1980—1981) тамомлаган. Меҳнат фаолиятини «Совет Шарқи мусулмонлари» журналида масъул котиб сифатида бошлаган.

У 1982—2006 йилларда диний идора Фатво бўлими мудири, Шарқшунослик институтида илмий ходим, «Мовароуннаҳр» нашриёти мудири, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи, Президент давлат маслаҳатчиси, Тошкент Ислом университети проректори каби лавозимларда ишлаган.

Шайх Абдулазиз Мансур 2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди. У, шунингдек, 2018 йил июнь ойидан 2019 йил январига қадар Тошкент шаҳрига бош имом-хатиб сифатида ҳам хизмат қилди.

Изоҳ билдириш