54962

Тошкентда катта миқдордаги пуллар тўла сейфни ўмарган жиноятчилар қўлга олинди

Ўзбекистон 12 сентябрь 12:02 2 487

Илгари хабар берилганидек, 7-сентябрь куни кечги вақтда Шайхонтохур туманидаги “Чарх Новза” маҳалласида уч нафар шахслари аниқланмаган кимсалар тўрт қаватли турар-жойнинг иккинчи қаватидаги хонадондан ичида катта миқдорда пул бўлган сейфни ўғирлаб кетишган. Ушбу факт асосида қўзғатилган жиноий ишнинг, яъни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисмининг (“Босқинчилик”) санкциясида 20 (йигирма) йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган

Тошкент шаҳар ИИББ, инсонпарварлик принципидан келиб чиққан ҳолда, жиноятга алоқадор шахсларга айбни бўйнига олиб, ички ишлар органларига келишларини таклиф қилган эди. Афсуски, жиноятга алоқадор шахслар жабрланувчиларга ўғирланган буюмларни қайтариб бериш, қилган ишларига пушаймон бўлиб, ички ишлар органларига ўз ихтиёрлари билан келиш имкониятини қўлдан бой беришди. Бунинг сабаби қўрқоқликми, ёки Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув ходимларига ишонсизликми, балки улар бирор жойда “беркиниб” олиш умидида бўлганларми – буларни энди аҳамияти йўқ. Гап шундаки, берилган вақт ичида жиноятга алоқадор шахслар уларга берилган имкониятдан фойдаланишмади. Афсус… Энди уларни жиддий жазо кутмоқда!

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-тергов ишлари давомида жиноятга алоқадор кимсаларнинг шахсларини аниқлашди. Улар автомобиль рақамларини ўзгартирганликларига, ниқоб ва қўлқоплар кийганларига қарамасдан қўлга олиндилар. Барчалари – муқаддам судланган шахслар, тўрт нафари эса бир неча бор жиноятга тортилганлар қаторидан.

Улар

Яшнобод туманида яшовчи 29 ёшли Анвар Х.,

Шайхонтохур туманида яшовчи 54 ёшли Мирхомид А.,

Учтепа туманида яшовчи 44 ёшли Ботир М.,

Олмазор туманида яшовчи 39 ёшли Нажмитдин З.лардир.

Ашёвий далиллар сифатида қўлга олинган шахслардан пулларнинг бир қисми, ниқоблар ва қўлқоплар олинди.

Қўлга олинганларнинг сўзларига қараганда, Тошкент шаҳар ИИББ интернетда айбни бўйнига олиб, идорага келиш ҳақидаги хабарни эълон қилганларидан кейин, улар орасида келишмовчилик юзага чиққан. Жиноятнинг икки нафар иштирокчилари қочишга улгуришган. Пойтахт ИИББ ходимлари бу шахслар қачон Қозоғистон Республикаси чегарасидан ўтганликлари ҳақида маълумотга эгалар. Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда яқин ва узоқ давлатлар ходимлари орасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган, шу сабабли гумонланувчи

 

Шайхонтохур тумани, Ибн-Сино-1 массивида яшовчи 48 ёшли Урунбаев Мурод Абдурахманович,

Яшнобод тумани, Мусаффо кўчасида яшовчи ,53 ёшли Мавлонов Бахтиёр Матёқуб ўғлининг қўлга олинишлари – вақт масаласидир

Урунбаев М. ва Мавлонов Б.ларнинг қидирувига ёрдам берадиган маълумотларни яқин атрофдаги ички ишлар бўлимига, 102,  71-232-30-40, 71-232-40-50 рақамларига хабар қилишингизни сўраймиз. Жиноятга алоқадор шахсларни қўлга олишда фаол қатнашган фуқароларимизга миннатдорчилик билдирамиз,- дейилади ИИББ хабарида.

Изоҳ билдириш