54931

400 минг сўмлик стипендия миқдори қайта кўриб чиқилиши мумкин — Олий таълим вазирлиги

Ўзбекистон 11 сентябрь 11:26 500

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов, бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов, бошқарма бошлиғи Мақсуд Ҳамроев ва университет ректорлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, қатъийлаштирилган 400 минг сўмлик стипендия давлат бюджети асосида ўқийдиганлар учун ҳам, контрактда ўқийдиганларга ҳам жорий этилади.

“Янги стипендияли ва стипендиясиз ўқиш тизими сентябрь ойидан тўлиқ ишга тушади, — деди Сарвар Бузрукхонов. — «4» ва «5» баҳога ўқиган давлат бюджети асосидаги талабалар учун давлат бюджети ҳисобидан 50 фоизгача рағбатлантирувчи маблағ ажратилади”.

Контракт асосида ўқийдиган талабалар «4» ва «5» баҳоларга ўзлаштирган тақдирда эса уларга олий таълим муассассида ташкил этиладиган жамғарма ҳисобидан 50 фоизгача (200 минг сўмгача) миқдорида рағбатлантирувчи маблағ ажратилиши таъкидланди. Бундай қўшимча стипендияни кимга беришни ректорлар ҳал қилади.

Ҳозирда битирувчи курс талабаларига эски тизим сақлаб қолинади, яъни улар аввалгидек «3», «4», «5»лик стипендия олишади.

Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, давлат грантида ўқиётган талабалар агар семестр якунида 30% дан ортиқ фанлардан «3» баҳо олса, келгуси семестрда стипендия олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Журналистлар билан мулоқот давомида Сарвар Бузрукхонов: “Жамоатчилик фикридан келиб чиққан ҳолда, қатъийлаштирилган 400 минг сўмлик стипендия миқдори қайта кўриб чиқилиши мумкин”, дея қўшимча қилди.

Изоҳ билдириш