54893

Талабаларга контрактни ойма-ой тўлаш имкони яратилди

Иқтисод 10 сентябрь 11:46 705

Аввалроқ, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Республика олий таълим муассасаларида таълим йўналишлари бўйича битта талабани тўлов-контракт шаклида бир йиллик ўқитиш қиймати миқдорлари белгилангани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2019 йилда олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматининг ўрнатилишига шарҳ берди.

“Республикада олий таълим тизимида амалдаги тартибга мувофиқ, тест синовлари натижаларига кўра энг юқори баллар тўплаган талабалар давлат гранти бўйича бепул ўқийдилар. Ўз навбатида Давлат буюртмаси параметрлари доирасида контракт асосида “ўтиш” балларини тўплаб қабул қилинган талабалар эса, уларни ўқитишга сарфланадиган харажатларни қисман қоплашни назарда тутувчи ижтимоий ҳимояланган базавий  тўлов-контракт шакли асосида ўқийдилар.

Шу билан бирга талабаларга тўловларни амалга оширишда қулайлик яратиш, аҳолининг кенг қатлами учун олий таълимнинг ҳаммабоплигини таъминлаш мақсадида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, тўлов-контракт қиймати миқдорлари икки хил кўринишда – “стипендияли” ва “стипендиясиз” этиб белгиланди.

Стипендиясиз қиймат миқдорлари, ҳар ойлик талабага тўланиши белгиланаётган 400 000 сўм, бир йилда жами 4 800 000 сўмни чегириб ташлаш ҳисобига шакллантирилади.

Мисол учун, бакалавриатнинг Гуманитар фанлар, Педагогика, Техника,  Қишлоқ ва сув хўжалиги таълим йўналишлари бўйича тўлов-контракт асосида таҳсил оладиган талабалар (жами талабаларнинг қарийб 80 фоизи) 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, қуйидаги тартибда тўловларни амалга ошириши мумкин:

Стипендия билан – 10 792 960 сўм (Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 17 баробарида);

Стипендиясиз – 5 992 960 сўм (10 792 960 сўм –  4 800 000 сўм).

Бундан ташқари, аҳолига тўловларни амалга оширишда енгиллик яратиш мақсадида контракт суммаларини ойма-ой бўлиб тўлаш имконияти берилади ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари тўлов муддатларини узайтириш ваколатига эга бўлади.

Таълим йўналишлари кесимидаги тўлов-контракт қиймати миқдорлари билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг сайтида танишиш мумкин.

Янги ўқув йилида тўлов-контракт қиймати миқдорини 18 фоизга оширилишида (индексация қилишда) асосий омил сифатида, олий таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақи миқдорлари (ўтган ўқув йилида 3 маротаба), коммунал хизматлар тарифлар ва бошқа сақлаш харажатлари ошгани ҳолда, олий таълим муассасалари харажатларини даромадларига нисбатан 74 фоизга ўсганлиги инобатга олинди.

Шу билан бирга, ёшларни олий таълим билан қамров кўрсаткичи 2017/2018 ўқув йилидаги 9 фоиздан жорий ўқув йилида 20 фоизга ортганлиги ёки талабалар контингентининг 126 минг нафарга кўпайганлиги олий таълим муассасаларида ўқитувчилар ва ўқув бинолари қувватларини яратиш бўйича қўшимча эҳтиёжга олиб келади, бу эса ўз навбатида қўшимча харажатларни талаб этади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 2019/2020 ўқув йилидан тўлов-контракт миқдорларининг ўртача 18 фоизга оширилиши – бир талабани бир йиллик ўқитиш харажатларини қисман, яъни ўртача 68 фоизи қопламоқда холос (бунда – харажатларни қопланиши ўтган йилги даражада сақлаб қолинмоқда).

Олий таълим муассасаларини Давлат томонидан қўллаб қувватлаш мақсадида бугунги кунга қадар фаолияти тугатилаётган касб-ҳунар коллежлари ва лицейларнинг 77 251 ўринли ўқув бинолари, 3 000 ўринли талабалар турар жойлари қўшимча қувват сифатида олий таълим муассасаларига ўтказиб берилиб, қўшимча имконият яратилди.

Бугунги кунда олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқув ва ижтимоий инфратузилмасини модернизация қилиш, замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси ва мебеллар билан жиҳозлаш, кутубхона фондини тўлдириш ва бошқа харажатларнинг 90 фоизидан ошиғи давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.

Изоҳ билдириш