54592

Мирзиёев Жаслиқ колониясини тугатишга қарор қилди

Ўзбекистон 5 август 9:38 296

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг энг машҳур колониясини тугатиш қарорини қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ расмий сайтида хабар берилди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон  президентининг 2019 йил 2 август кунги «Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган Жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида»ги қарори билан Қорақалпоғистон Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш белгиланган.

«Мазкур тарихий қарор озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларда қонунга итоаткор хулқ-атворни, шахс ва жамиятга ҳурмат муносабатини шакллантиришга йўнатирилган ахлоқан тузатиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ давлатимизнинг халқаро ареналарда ижобий мавқеини илгари суриш мақсадида қабул қилинганлиги қайд этилган», – дейилади хабарда.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Ўзбекистонга 2002 йилдан буён Жаслиқ қамоқхонасини ёпишни тавсия этиб келган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил апрель ойида АҚШ дунёдаги диний эркинлик ҳолатлари тўғрисида расмий баёнот эълон қилган ва унда Ўзбекистонга «Жаслиқ» қамоқхонасини ёпиш тавсиясини берган. Махсус комиссия қарорига кўра, қамоқхонадаги маҳбусларнинг аксарияти диний асослар туфайли озодликдан маҳрум этилган

Изоҳ билдириш