54481

Президент ҳокимларни қатъий огоҳлантирди

Ўзбекистон 24 июль 10:30 1 012

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзёев ва вилоят ҳокимлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда, зарурат бўлмаганда тадбиркорлар мулкини бузмасликка чақирди.

– Барча ҳокимларни қатъий огоҳлантираман – асосли зарурат бўлмаган ҳолда тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга умуман йўл қўйилмаслиги зарур ва шарт, – деди президент.

Шунингдек, тадбиркорларнинг бино-иншоотларини бузиш ва бунинг учун компенсация тўлаш борасида тизимли ёндашув йўқлиги танқид қилинди.

Албатта, жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари давомида айрим биноларнинг бузилиши табиий ҳол. Бироқ, аҳоли пунктларини истиқболда ривожлантириш режаларини ҳисобга олмасдан, катта ҳудудларда жойлашган иншоотлар бузиб юборилаётгани оқибатида жуда кўп миқдорда компенсация тўловлари келиб чиқмоқда, дейилган хабарда.

Ундан ташқари, ҳокимликлар бузиладиган биноларнинг ўрнида янги корхоналарни қуриш бўйича инвесторларни топиб, компенсация тўловини уларнинг ҳисобидан тўланишини таъминламаётгани сабабли ушбу харажатлар давлат бюджети зиммасига тушмоқда.

Ушбу муносабат билан, Адлия ва молия вазирликлари, Савдо-саноат палатасига Бизнес-омбудсман иштирокида мол-мулкни бузиш ва компенсация тўлаш тартибларини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф киритиш вазифаси қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё туманларидан бирида тадбиркор унинг дўконини бузмоқчи бўлган ҳоким ўринбосарининг устига бензин сепиб ёқиб юборган эди. 

Изоҳ билдириш