5447

Меҳмонхоналарга валюта тўловлари: муаммолар мавжуд

Ўзбекистон 29 апрель 22:59 334

Яқинда қонунчиликка киритилган тузатишларга кўра меҳмонхоналарда хорижликларни жойлаштириш учун тўловни валютада амалга ошириш керак. Валюта ҳисоб-китоблари учун тарифнинг юқорилиги турларнинг даромадлигини туширмоқда ва рақобатбардошлигини пасайтирмоқда, деб ёзади Norma.uz.

Ўзбекистонда сайёҳлик тармоғини ривожлантириш учун талай чора-тадбирлар кўрилмоқда. Юридик шахслар камида 4 юлдузли даражадаги меҳмонхоналар ва мотелларни фойдаланишга топширганда фойда солиғи, ер солиғи, мол-мулк солиғи, шунингдек ягона солиқ тўловини 5 йил мобайнида тўламайди. Барча меҳмонхоналар ва жойлашишнинг бошқа воситаларига валюта тушумининг 75 фоизини ўзида олиб қолишга рухсат берилган. Кичик корхона бўлмиш туроператорлар эса валютани мажбурий сотишдан умуман озод этилган. Бу ҳали имтиёзларнинг тўлиқ рўйхати эмас.

Аммо ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда янги муаммолар ҳам пайдо бўлди. Улар орасида – республика ичида валюта ҳисоб-китоблари бўйича тарифлар.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон ҳудудида меҳмонхоналарда ва бошқа жойлаштириш жойларида хорижий фуқароларга ҳамда республикада доимий турар жойига эга бўлмаган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, жойлаштириш бўйича хизматларга ҳақ тўлаш фақат эркин алмаштириладиган валютада амалга оширилади. Улар учун тўлов таклиф этувчи давлат ва бюджет ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган ҳолатлар бундан мустасно.

Бундан ташқари, турилган ҳар бир кун учун 2 АҚШ доллари эквивалентида туристик йиғим ундирилади (мазкур шахслар тоифасини жойлаштириш бўйича хизматларга ҳақ тўланадиган валютада).

Жойлаштириш хизматлари учун ҳамда туристик йиғим тарзида келиб тушадиган хорижий валюта  иккита турли ҳисоб рақамга туширилади. Туроператор иккита тўлов топшириқномаси билан меҳмонхонага хорижий валютани юбориши керак.

Бунда кўпгина тижорат банкларининг республика ичидаги валюта ҳисоб-китоблари учун фоизи ўтказилган сумманинг 0,05–1 фоизини, аммо камида 20 АҚШ долларини ташкил этади. Бундан ташқари, алоқа каналлари бўйича ҳар бир хабар учун 20 АҚШ доллари миқдоридаги комиссия ундирилади. Яъни ҳар бир тўлов топшириқномаси учун банк камида 40 доллар олади. Бундай тарифларнинг сабаби – валюта ҳисоб-китоблари SWIFT халқаро тизими бўйича ўтказилишидир.

Масалан, туроператор 2 нафар эр-хотинга хизмат кўрсатади. Улар туриши ва Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Хиванинг диққатга сазовор жойларига ташриф буюриш учун  1000 доллар тўлашди (киши бошига 500 доллардан).

Туроператор туристларни биргина меҳмонхонага жойлаштиришда қуйидаги минимал банк харажатларига тушади:

•  жойлаштириш хизматлари учун 40 доллар (банк фоизлари кўринишидаги 20 доллар, шунингдек SWIFT тизими бўйича хабар жўнатиш учун 20 доллар);

•  ҳар бир турист учун суткасига 2 доллар миқдорида туристик йиғим тўлашда 40 доллар.

Натижада фақат битта меҳмонхона билан ҳисоб-китоб қилинганда банк харажатлари учун 80 доллар сарфланади. Тур эса 4 та меҳмонхонада тўхташни тақозо этади. Яъни банкларга хизматлари учун 320 доллар тўлаш керак бўлади. Бу олинган тушумнинг – 32 фоизи!

5 кишилик гуруҳда банкларга валюта тўловлари 12,8 фоизни, 10 кишилик гуруҳда – 6,4 фоизни ташкил қилади. Бу ягона солиқ тўлови ставкасидан анча кўп (5 фоиз).

Ушбу “валютада солиқ солиш” Президентнинг 2.12.2016 йидаги ПФ–4861-сон Фармонида назарда тутилган рақобатбардош туристик маҳсулотлар ва хизматларни ишлаб чиқиш бўйича белгиланган вазифаларни бажаришга тўсқинлик қилади.

Қуйидаги таклифлар вазиятни тўғрилаши мумкин:

•  чет элликларнинг туриши учун меҳмонхоналар билан хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш талабини бекор қилиш;

•  туристик йиғимни миллий валютада ундириш.

Агар ушбу таклифлар қабул қилинмаса, Ўзбекистон ҳудудида SWIFT халқаро тизимидан фойдаланмасдан Марказий банкнинг банклараро тўлов тизим орқали хорижий валютада нақдинасиз ҳисоб-китоб тизимини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ кўринади.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш