54431

Гулнора Каримованинг адвокати мижози колониядан тез ёрдам машинасида олиб кетилганини маълум қилди

Дунё 19 июль 13:42 1 062

Ўзбекистоннинг биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова колониядан тез ёрдам машинасида олиб кетилди. Бу ҳақда Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжа маълум қилди.

«Ишончли манбадан олинган маълумотга кўра, мен уни ташқарида кутиб турган вақтимда Каримова Зангиотани тез ёрдам машинасида тарк этган», – деб ёзган Манжа Twitterда.

Адвокатнинг сўзларига кўра, унга мижози билан кўришиши учун рухсат беришмаган. Манжанинг таъкидлашича, колония раҳбарияти ундан у ҳақиқатан Каримованинг адвокати эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилган. «Олти соатлик кутишлардан сўнг Зангиотани тарк этяпман. Учрашувга рад жавобини беришди», – деб қўшимча қилган адвокат.

Айни вақтда расмий ҳукуматдан бу хабарга изоҳ берилмаган.

Адлия вазирлиги июль ойи бошида 21-сонли аёллар жазони ўташ Колониясида бўлгани ва Гулнора Каримованинг маҳбус сифатида ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилмаганлиги ҳақида маълумот берган эди.

Изоҳ билдириш