54271

Тошкент ер усти метроси учун Россиядан келтириладиган янги поездлар ҳақида батафсил маълумот берилди

Ўзбекистон 10 июль 9:13 566

Тошкент метрополитени Россиядан келтириладиган, вагонлари ораси очиқ бўлган янги поездлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Шу йилнинг апрель ойида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Россиянинг «Метровагонмаш» АЖ ўртасида Тошкент шаҳридаги ер усти метрополитени учун ҳаракатланувчи ҳар бири 4 вагондан иборат 5 та метро поездини харид қилиш бўйича шартнома имзоланган эди.

Айни пайтда «Метровагонмаш» АЖда мазкур бешта поезддан дастлабки учтасини тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, кузов ишлари тугалланган, тортувчи электр ускуналари, пневматик ускуналари, видеокузатув тизимини бутловчи қисмлар билан таъминлаш ишлари бажарилмоқда. Замонавий вагонларни етказиб бериш яқин келажакда амалга оширилади.

Пойтахт ер усти метрополитени учун вагонлар заводдан ўзгача усулда бўялган ҳолда чиқарилмоқда. Вагонларнинг ён тарафи ва эшиклари оқ рангга бўялган. Бутун ҳаракат таркиби бўйлаб горизонтал равишда Ўзбекистон миллий байроғинининг ранглари мужассам этган чизиқ тортилган. Ҳар бир ҳаракат таркибининг бошида – оқ ва охирида қизил тусли ёритиш чироқлари бор. Поезднинг том қисми ҳаворанг тусда, олд қисми эса қора рангда бўялган. Шунингдек олд қисмида йўналишни кўрсатувчи электрон сатри жойлашган бўлиб «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ рамзи акс этган.

81-765/766/767 сериядаги метро вагонлари янги техник ечимларга эга бўлиб, электр энергиясини 35 фоизгача тежайди, учинчи авлоддаги асинхрон тортувчи двигателининг қўлланилиши эксплуатацион харажатларни 40 фоизгача қисқартиради. Янги вагонларнинг яна бир қатор техник имкониятлари ва афзалликларига қуйидагилар киради:

– Вагонлар орасидаги герметик «гармошка» кўринишидаги ўтиш жойлари йўловчилар учун поезднинг бошдан охиригача ўтиш имконини беради ва бу билан ҳаракат таркибининг сиғимини оширади;

– Йўловчилар салони ҳар бир томонда тўрттадан бўлган автоматик ва икки қаватли эшиклар ўрнатилган. Эшиклар 12 фоизга кенгайтирилгани йўловчиларни тасодифан қисилиб қолиши олди олинган;

– Салондаги ҳароратни ўрнатилган кондиционер, иситиш ва шамоллатиш тизими таъминлаб туради. Шунингдек, шифтда махсус ҳимоя қутилари ичида жойлашган ва ҳавони ультрабинафша лампалар ёрдамида зарарсизлантириш тизими қўлланилган;

– Ҳар бир вагон телеканаллар трансляцияси имкони билан бирга йўловчиларга замонавий маълумот узатиш тизими билан таъминланган;

– Состав вагонлари видеокузатув тизими билан жиҳозланган, ҳар бир вагонда шифт камералари, шунингдек, шошилинч алоқа блоклари устида ҳам камералар мавжуд, ёнғинни автоматик пайқаш ва ўчириш тизими ҳам мавжуд;

– Машинист кабинасида йўллар ҳамда ҳаракатланувчи состав вагонлари эшикларини видеокузатув тизими монитори жойлашган.

Янги вагонларини сотиб олиш бўйича лойиҳани молиялаштириш манбалари:

– 10 йил муддатга берилган Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан қайта молиялаштирилган 22,14 млн. Евро миқдоридаги «Ривожланиш ва ташқи иқтисодий фаолият банки» Давлат Корпорациясининг (Россия Федерацияси) кредити;

– Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 10 йил муддатга берилган Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан қайта молиялаштирилган 5,535 млн. Евро миқдоридаги кредит;

– Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобидан 0,11 млн. Евро эквивалентида ажратилган маблағ лойиҳага импорт қилинадиган товарларни божхона расмийлаштируви харажатларини қоплаш учун.

Изоҳ билдириш