54242

Президент автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни буюрди

Ўзбекистон 9 июль 10:32 769

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.

“Автомобиль саноатини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда “Ўзавтосаноат” акциядорлик компаниясига умумий ишлаб чиқариш ҳажмини 2023 йилга қадар ҳозирги 250 мингдан 350 минг донага, экспорт ҳажмини камида 100 минг донага етказиш вазифаси қўйилди” – дейилган хабарда.

Бунинг учун, аввало, тармоқда илғор бошқарув тизимини жорий қилиш, хорижий консалтинг компаниялари мутахассисларини жалб этиб, ишлаб чиқариш ва маҳсулот таннархини оптималлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек президент ушбу соҳада 2019 йилнинг 1 октябридан имтиёзлар бекор қилиниши муносабати билан корхона рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш кераклигини таъкидлади.

Бугунги кунда 5 турдаги енгил автомобиль 5 та алоҳида платформада ишлаб чиқарилаётгани ҳам харажат, ресурс ва вақт сарфини кўпайтириб, маҳсулот нархига ўз таъсирини ўтказмоқда. Шу боис йиғилишда ягона платформада бир неча маркадаги автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ушбу йиғилишда соҳа раҳбарияти берган ахборотга кўра, Ўзбекистонда 2019 йилнинг биринчи ярмида ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 154 фоизга ошиб, 1 триллион сўм соф фойда олинган. Қарийб 73 миллион долларлик автомобиллар экспорт қилинган. Ички бозорда маҳаллий автомашиналар улуши 97 фоизга етган.

“Бироқ  локализация даражаси ҳозирча мақтанарли эмас: енгил автомобиллар ишлаб чиқаришда – 45 фоиз, юк автомобиллари ва автобусларда –  24 % холос”, – дейилган хабарда.

Йиғилишда локализация даражасини ошириш, маҳсулот таннархини камайтириш орқали экспортни кўпайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Изоҳ билдириш