5413

Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев билан учрашди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташрифи давомида Жанубий Қозоғистон вилоятида Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев билан учрашди. Бу ҳақида Қозоғистон Республикаси президенти расмий сайти хабар тарқатди.

Учрашув давомида Ўзбекистон раҳбарининг Қозоғистонга март ойидаги ташрифи давомида икки мамлакат ўртасида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Қозоғистон Президентининг таъкидлашича, аввалги учрашувдан сўнг икки мамлакат ўртасида тадбиркорлик соҳасида фаоллик кузатилмоқда.

Фото: Akorda.kz

– Жорий йилнинг биринчи чорагида иқтисодиётнинг турли соҳаларида ўзаро муносабатлар даражаси ошгани кузатилмоқда. Транспорт-логистика соҳаси, автосаноат, шунингдек кенг кўламли масалалар бўйича минтақавий ҳамкорликни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. 2017 йилнинг илк уч ойи давомида товар айирбошлаш ҳажми 37 фоизга ошди, – деди Нурсултон Назарбоев.

Ўз навбатида, Шавкат Мирзиёев икки томонлама учрашувларнинг кўпайиши давлатлараро муносабатлар самарасига тўғридан-тўғри таъсир этишига эътибор қаратди.

– Менинг март ойидаги ташрифимдан сўнг биз қўшма фаолиятнинг барча йўналишлари бўйича Йўл харитасини қабул қилдик. Вазирлар, ҳокимлар даражасидаги учрашувлар кўпайди, – дея таъкидлаб ўтган Ўзбекистон раҳбари.

Фото: Akorda.kz

Ўзбекистон Президенти Нурсултон Назарбоевга Россия Федерациясидан нефть ташиш масаласида кўрсатилган кўмак учун миннатдорлик билдирган.

Якунда икки давлат раҳбарлари Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлигининг ижобий динамикаси сақланиши ва янада ривожланишига ишонч билдиришди.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш