54087

Бош вазирининг хотини болалари ва 40 миллион долларни олиб, Европага қочиб кетди

Дунё 1 июль 10:48 1 235

Дубай амири ва БАА бош вазири Муҳаммад ал-Мактумнинг олти хотинидан бири — малика Хайя бин ал-Ҳусайн хорижга қочиб кетди. Бу ҳақда ўз манбаларига асосланиб The Daily Mail хабар бермоқда.

Нашр маълумотига кўра, малика Хайя бин ал-Ҳусайн февраль ойидан буён оммага кўриниш бермаган. Хабарда айтилишича, у 11 яшар қизи ва етти яшар ўғли билан Германияга қочган ва у ердан бошпана сўраган, сўнгра ажрашиш учун ариза берган.

Малика ўзи билан 31 миллион фунт стерлинг (39 миллион долларга яқин) пулни олиб кетганлиги хабар қилинмоқда.

Ушбу қочиш БАА ва Германия ўртасида дипломатик инқирозни келтириб чиқарди, деб таъкидламоқда Sun нашри.

Айрим маълумотларга кўра, бош вазир Германия ҳукуматига унга рафиқаси ва болаларини топшириш талаби билан мурожаат этган, аммо рад жавобини олган.

Илгарироқ Human Rights Watch ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти БААдан Дубай ҳукмдорининг қизи 32 яшар малика Латифа бин Муҳаммад Ал Махтумнинг қаердалигини ошкор қилишни талаб қилган эди. Ташкилот маълумотларига кўра, у мамлакатни тарк этишга ҳаракат қилган, аммо аёлни қўлга олишган ва ортга қайтаришган. БАА ҳукумати маликанинг куч билан ушлаб турилгани ҳақидаги хабарларни рад этганлар.

 

Изоҳ билдириш