54044

Бош прокуратура: жиноятлар “иссиқ излар” бўйича фош этилди

Ўзбекистон 25 июнь 12:41 1 101

Ўзбекистон бош прокуратураси фош этилмаган жиноятлар бўйича тезкор-қидирув ва тергов тадбирларини ташкил этиш юзасидан маълумотни эълон қилди.

Унга кўра, Бош прокуратура томонидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда жиноятларни фош этиш юзасидан тезкор-қидирув ва тергов тадбирларини ташкил этиш бўйича комплекс чоралар кўрилди.

Кўрилган чоралар натижасида жорий йилнинг 5 ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноятларнинг умумий сони 12 171 тага ёки 30,4% (17 484) га камайди.

Ўтган йиллардаги жиноятларни ҳисобга олган ҳолда, жорий йилнинг 5 ойида 12 179 та фош этилмаган жиноятлар бўйича қонуний қарор қабул қилинди.

Жорий йилда содир этилган қотиллик, босқинчилик, номусга тегиш жиноятларини “иссиқ излар” бўйича ўз вақтида фош этилиши таъминланмоқда:

«Жумладан, Қамаши ва Чироқчи туманларида хусусий уйларга ниқобларда кириб, босқинчиликни амалга оширишга дахлдор бўлган 5 нафар шахс қўлга олинди.

Ёки, Бекобод шаҳрида ахлат йиғиш пункти ҳудудида шу йил 22 майда ўлдирилган фуқаро Р.М.нинг шахси ўрнатилиб, қотиллик фош этилди», – дейилган хабарда.

Маълумотда айтилишича, прокурор ва ИИБ бошлиғининг ҳар бир фош этилмаган жиноят бўйича ҳодиса жойига чиқиш тартиби жорий этилди.

Изоҳ билдириш