54023

Швейцария Гулнора Каримованинг «музлатилган» пулларидан 133 млн долларини Ўзбекистонга қайтаради

Дунё 25 июнь 9:24 423

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Швейцария банкларида музлатиб қўйилган пулларининг 130 миллион франки (133 млн доллар) Ўзбекистонга қайтарилади. Бу ҳақда Швейцария Бош прокуратураси хабар берди.

Олти йилдан бери давом этаётган мураккаб тергов ишида прокуратура пулларнинг Ўзбекистонда фаолият юритишни истаган ва у ерда бизнесига эга компаниялардан коррупцион йўл билан тўплангани ва мамлакатдан олиб чиқилгани бўйича далиллар топган. Шу сабабдан музлатилган пулларнинг 130 млн франкини қайтаришга қарор қилинган.

Бу пуллар Гулнора Каримованинг қариндошига нисбатан тергов жараёнида мусодара қилингани таъкидланган. Судланган шахс Швейцарияда 2004-2013 йилларда фаол бўлган, турли компаниялар номидан банк ҳисоблари очган, кейинчалик бу ҳисоб рақамлари ўтказилган маблағларни яширишда фойдаланилган.

У пулларнинг Гулнора Каримовага эканини яшириш мақсадида сохта банк ҳужжатлари тайёрлаган. Текширувлар давомида бу шахсга 390 минг франк миқдоридаги жарима қўлланган. Бундан ташқари, прокуратура 130 миллион франкдан ортиқ маблағни Ўзбекистонга қайтариш мақсадида мусодара қилган.

Айни вақтда Швейцарияда бу иш доирасида яна 5 нафар гумонланувчи терговда бўлиб турибди, уларнинг ҳисобларидаги 650 миллион франкдан ортиқ маблағ ҳам музлатилган.

Изоҳ билдириш