53859

Бош прокуратура: ДХХнинг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан жиноят иши очилган

Долзарб | Ўзбекистон 14 июнь 22:25 1 426
Фото: Википедия/Ихтиёр Абдуллаев

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бош прокуратура вакиллари, прокуратура органларининг 2019 йилнинг ўтган беш ойи давомидаги фаолияти натижаларига бағишланган матбуот конференциясида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтаришди. Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати собиқ раиси И.Абдуллаев ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани тасдиқланди.

Унга кўра, жиноят иши бўйича ДХХнинг собиқ биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамов, Ўзбекистон Олий суди раиси ўринбосари Баҳодир Деҳқонов ва бошқалар — жами 10 га яқин одам тергов қилинмоқда.

Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик бўйича Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбарлари Абдуллаев, Эгамов ва бошқа мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида давлат сирларига алоқадор қатор юқори давлат органлари мансабдор шахслари ишлари кўрилаётгани туфайли терговни ёпиқ тарзда олиб борилаётгани маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Ихтиёр Абдуллаев 2018 йилнинг 31 январидан 2019 йилнинг февралига қадар ДХХга раҳбарлик қилди. У соғлиги ёмонлашгани туфайли ўз аризасига биноан лавозимдан озод этилгани хабар қилинганди.

Изоҳ билдириш