53822

Саид-Абдулазиз Юсуповга қандай айбловлар қўйилгани маълум бўлди

Ўзбекистон 14 июнь 10:22 910

Фирибгарлик жинояти билан гумонланиб қўлга олинган Саид-Абдулазиз Юсуповга нисбатан эълон қилинган айбловлар очиқланди.

«Xabar.uz» Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмоновага асосланиб маълум қилишича, айни пайтда ДХХ тергов ҳибсхонасида сақланаётган С.Юсуповга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан айб эълон қилинган.

Дастлабки терговга маълумотларига кўра, «С.Юсупов:

– фуқаро А.А.ни алдаб, биргаликда бизнес-лойиҳасини амалга ошириш учун ундан Д.С. ва А.Д.лар орқали 65 минг АҚШ доллари;

– Ж.Д.га кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш ускунаси етказиб беришини айтиб, ундан 15 минг АҚШ доллари;

– Б.Я.дан унинг қизини Тошкент Давлат Юридик Университетига ўқишга киритиш учун 35 минг АҚШ доллари;    

– Д.С.нинг ишончига кириб, ғишт ишлаб чиқариш завод учун керакли жиҳозларни етказиб беришини айтиб, ундан 28.000 АҚШ доллари;

– К.Е.нинг ишончига кириб, ундан 15 минг АҚШ доллари;

– В.С.нинг ишончига кириб, ундан 2 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Қисқаси, С.Юсупов 2013-2017 йиллар давомида жами 6 нафар фуқародан 160 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, шундан 3 нафар жабрланувчига бор-йўғи 2300 АҚШ долларини қайтарган, 157.700 АҚШ долларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани» айтилади.

Маҳкама матбуот хизмати раҳбари алоҳида қайд этадики: «...Ҳозирда турли ижтимоий тармоқларда С.Юсуповнинг қариндошлари ва айрим нашрлар томонидан С.Юсуповнинг ҳибсга олинишига қандайдир сиёсий тус беришга уринишлар бўлса-да, қатъий айтиш керакки, унга тергов даврида қўйилаётган айблов мутлақо иқтисодий жиноятлар доирасидадир. Мазкур жиноят ҳолатларидан жабр кўрган фуқароларни ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш қонун талабидир.

Республика Суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалининг шу йил 16 майдаги хулосасида С.Юсуповда қон-томир касаллиги, айбланувчининг саломатлиги ҳолати унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиши ва тергов ҳаракатларида иштирок этишига тўсқинлик қилмаслиги кўрсатилган».

С.Юсуповнинг дастлабки терговда қийноққа солингани борасидаги саволи юзасидан қуйидагилар билдирилди: «…унинг (С.Юсуповнинг) онаси Ж.Бакаева 7 июнь куни Бош прокуратурага ариза билан мурожаат қилиб, ўғли тергов жараёнида қийноққа солинаётганлиги, шу сабабли ўғлини ҳимоячисининг иштирокида тиббий кўрикдан ўтказишни сўраган. Шунга кўра, 8 июнь куни Бош прокуратура томонидан ҳимоячи А.Шоймардонов иштирокида мутахассис-шифокорлар жалб қилинган ҳолда айбланувчи С.Юсупов тиббий кўрикдан ўтказилганда унинг танасида бирон-бир тан жароҳати ёки қийноқ аломатлари аниқланмади.

С.Юсупов ўз ҳимоячиси А.Шоймардонов иштирокида ихтиёрий берган ёзма тушунтириш хатида унга нисбатан тергов жараёнида ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий тазйиқлар ўтказилмаганлиги, ҳозирда касаллиги бўйича тегишли дори воситалари ва тиббий муолажаларни ўз вақтида олаётганлигини билдирди».

Экспертиза жараёнида журналистлар айбланувчидан интервью олгани ростми? Айни жараёнда айбланувчининг яқинлари иштироки таъминландими?

Жавоб: «Экспертиза ўтказиш жараёнида Юсуповдан  интервью олингани йўқ. Бу жиноят иши юритуви тартиб-қоидаларига зид бўлиб, тергов давомида бундай амалиёт қўлланилмайди. Юсупов 9 та турли тоифадаги шифокор иштирокида барча замонавий тиббий техника ва ускуналар қўлланилган ҳолда комиссиявий экспертиза текширувидан ўтказилди. Мазкур текширувда унинг қариндошлари иштироки юзасидан талаб қонунда ҳам, амалиётда ҳам йўқ, ЖПҚда белгилаб қўйилган тартиб-таомиллар бор, яъни Юсуповнинг қариндошлари айтаётган «конституциявий ҳуқуқи» Конституция ёки Жиноят-процессуал қонунчилигида кўзда тутилмаган.

Юсуповнинг ўзи тиббий текширувдан олдин ёхуд кейин яқинлари билан кўришишни хоҳлаганида, бундай учрашувни ташкил этиш чораси кўриларди, лекин бундай мурожаат билдирилмади. Бир нечта интернет нашрлари томонидан комиссиявий экспертиза жараёнини мумкин қадар ёритиш тўғрисида сўров тушган. Шу боис биз экспертиза жараёнида ҳеч бир тўсқинлик ёки ғайриқонуний ҳаракатлар бўлмаганини ОАВ вакиллари томонидан холис кузатилишига имкон бердик».

Мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Жиноят иши тергови Бош прокуратура назоратига олинган.

Изоҳ билдириш