53739

“Лайлатул қадр” кечаси: минг ойлик савобга эга бўлиш учун уни қандай ўтказиш керак?

Ўзбекистон 31 май 21:57 971

Рамазон ойининг муқаддас эканлиги барчага аён. Ана шу муқаддас ойда муқаддас кун борки, уни Қадр кечаси деб аташади. “Ислом нури” дастурининг бугунги сонида бу кечанинг фазилати ҳақида сўз боради. Суҳбатдошимиз Тошкент вилояти бош имом хатиби Хайрулла Турматов.

– Ойларнинг ичида фақат Рамазоннинг номи Қуръонда келган. Биз бу ойни байрам сифатида ўтказишимизга сабаб унда Қуръони каримнинг нозил қилинишидир. Бундан ташқари, бу ойда рўза тутилади, закот ва турли хил эҳсонлар берилади. Рамазон уч даҳадан иборат: биринчи ўн кунлик раҳмат даҳаси, иккинчи ўн кунлик мағфират даҳаси, учинчи ўн кунлик эса жаҳаннамдан халос бўлиш даҳасидир. Биз сўнгги ўн кунликда турибмиз, бу кунларда нималарга эътибор қаратиш лозим?

Ҳадисларда келади: Аллоҳ баъзи нарсаларни баъзи нарсаларда яширган. Масалан, ўзининг исми Аъзамини Қуръони каримда, қадрли кеча бор, уни Рамазоннинг охирги ўн кунлигида беркитган. Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг энг аҳамиятли жойи, бу ўн кунликнинг зикри Қуръонда келган. Чунки унда қадрли бир кечанинг борлиги уни шу қадар улуғлаган.

Аллоҳ таоло Қадр кечаси ҳақида Қуръонда айтадики: “Бу бир Қадрли кеча, минг ойдан яхшироқдир”. Аллоҳ таоло бир кеча бедорликка минг ойликдан зиёд ибодатнинг савобини ваъда қиляпти. Бу кечанинг тонгида Жаброил алайҳиссалом бошлиқ барча фаришталарнинг ер юзига тушиши, мўминларга яхши тилаклар, дуолар, истиғфорлар, салом-саловатлар айтиши – буларнинг барчаси Аллоҳнинг улкан марҳамати.

Рамазоннинг сўнгги ўн кунлигини қандай ўтказиш намунасини қаердан оламиз? Албатта, Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳаётларидан. Ойша (р.а) айтадиларки: “Рамазоннинг охирги ўн кунлигида Пайғамбаримиз (с.а.в) ибодатга жуда қаттиқ киришар эдилар. Яъни, охирги ўн кунликда аксар бедор бўлардилар ва барча оила аъзоларини бедор бўлишга тарғиб этар эдилар”.

 

Нафл намоз, истиғфор, зикр, саловот айтиш билан охирги ўн кунликка безак бериш бўлса, саховат эшикларини очиш билан қанчадан қанча ўксик қалбларга хурсандчилик ва шодлик улашиш мумкин. Бундан ташқари, сўнгги ўн кунликда Пайғамбаримиз (с.а.в) Қуръони каримни кўп ўқир эдилар. Бу суннатдан илҳомланган уламои фозиллар барча илмий китобларни бир четга қўйиб, фақат Қуръон тиловати билан банд бўлишар эди.

Аллоҳ таоло ўз каломида “Яхшиликда мусобақа қилингизлар”, дейди. Бугунги кунда мўмин-мусулмонларимиз яхшилик қилишда мусобақалашишлари учун жуда катта имкониятга эгалар. Биз бу гапларни эллик ёки юз йил илгари айта олмас эдик. Ибодатда, саховатда, одамларнинг кўнглига хурсандчилик етказишда, кишининг оғирини енгил қилишда мусобақалашиш лозим, – деди Х.Турматов.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Манба: Kun.uz

 

Изоҳ билдириш