53731

Тошкентда уч киши ЙПХ ходимларига таҳдид қилиб, муштлашув юзага келтиришга уринди

Ўзбекистон 31 май 21:07 514
Фото: ИИВ

Тошкент шаҳрининг Сағбон кўчасида 30 май куни соат тахминан 19:00 да ЙПХ инспектори томонидан давлат рақам белгиси Қашқадарё вилоятига тегишли бўлган Nexia тўхтатилган. Автомобилни бошқариб борган, Олмазор туманида яшовчи 38 ёшли Мурод Т. ички ишлар органлари ходимининг ҳужжатларни тақдим этиш тўғрисидаги қонуний талабига бўйсунмаган.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматидан маълум қилишларича, у дастлаб инспектордан барча ҳужжатларни кўрсатишни, сўнг командирни чақиришни талаб қилган. Унинг ёнига инспекторнинг тўғридан-тўғри раҳбари келганидан сўнг ҳам Мурод тинчланмасдан ҳужжатларни тақдим этмаган ва отаси ва акасини «ёрдамга» чақирган. Ака ходимларга Муродга тегишли бўлмаган ҳайдовчилик гувоҳномасини кўрсатган.

Ходимлар ҳайдовчининг ёнида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари бўлиши кераклигини айтганида, Мурод ва унинг қариндошлари ходимларга таҳдид қилиб, уларни ҳақоратлаб, муштлашув юзага келтиришга ҳаракат қилган. Воқеа жойига етиб келган ППХ ва Миллий гвардия ходимлари учала фуқарони бўлимга олиб кетган.

Бўлимда Муродга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-моддаси (ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги), 135-моддаси (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши), 135-1-моддаси (транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бузиш) бўйича, Л. ва А.Т.га нисбатан эса кодекснинг 194-моддаси (ички ишлар ходимининг қонуний талабларини бажармаслик), 195-моддаси (ички ишлар ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) бўйича баённомалар тузилган.

«Мурод ва унинг қариндошларининг безориликлари акс этган видео билан бирга барча материаллар қонуний ҳукм чиқарилиши учун судга топширилади», — дейилади хабарда.

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар