5362

Қамчиқ довонидаги йўлни янгилаш билан қайси компания шуғулланиши маълум бўлди

Ўзбекистон 28 апрель 16:29 312

Қамчик довони орқали ўтадиган йўлни янгилаш ишлари Озарбайжоннинг Evrascon компанияси томонидан якунланиши ҳақида Ўзбекистон Автомобиль йўллар давлат қўмитасидаги манба ахборот берди.

Унинг сўзларига кўра, олдинги пудратчи испаниялик Corsan Cоrviam Construction корхонаси ўз мажбуриятлар қисмини тўлиқ бажармаганлиги учун Озаржайжон корхонаси шу йилдан ишга киришган. Лойиҳага кўра А-373 Тошкент – Ўш участкасининг 116-190–километрида Қамчик довони орқали ўтадиган автомобиль йўлини қайта таъмирлаш кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича 2012 йилда испанияликлар билан жами 140 млн долларга шартнома тузилган эди. Лекин техник регламентлар қўпол равишда бузилиши ва бунинг оқибатида йўл қатлами сифати сезиларли пасайганлиги сабабли испанияликлар ушбу ишлардан четлаштирилди.

Шунингдек, Испания томони эскирган техник асбоб-ускуналар ишлатилган, шартномада қайд этилган муддатлар бузилган ҳамда текширилмаган бошқа субпудратчилар жалб қилинган.

  «Corsan Cоrviam Construction шартномада режалаштирилган ишлардан тахминан 35-45 %и амалга оширди. Ушбу корхона четлаштирилгандан кейин танловда Озарбойжоннинг Evrascon корхонаси ютиб чиқди. 2018 йилда ушбу лойиҳа доирасидаги ишларни якунлаш режалаштирилмоқда. Бу Ўзбекистон учун жуда муҳим лойиҳа ҳисобланади, шунинг учун биз ушбу ишларнинг сифатига шу қадар жиддий эътибор бермоқдамиз», — деди суҳбатдошимиз.

Эслатиб ўтамиз, Қамчиқ довони орқали ягона бўлган автомобиль магистрали Ўзбекистоннинг аҳолиси энг кўп бўлган қисми Фарғона водийсини республиканинг бошқа ҳудуди билан боғлайдиган йўл ҳисобланади. Қамчиқ довони орқали бир суткада 21 мингдан ортиқ автомобиль ўтади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳукумати Қамчиқ довони орқали 175 млн доллардан ортиқ бўлган иккинчи автомобиль тунел қуриш масаласини кўриб чиқмоқда. Иккинчи тунель автомобиллар сиғимини ошириш мақсадида янада кенгроқ қурилиши ҳамда замонавий вентиляция ва ёритиш тизимлари билан жиҳозланиши режалаштирилмоқда.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш