53562

Жарималар миқдори оширилди

Иқтисод 29 май 22:24 994

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун (ЎРҚ–543, 28.05.2019 й.) Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, сохта банкротлик, банкротликни яшириш, қасддан банкротликка олиб келиш учун жарима миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 150 бараваридан (30 млн 409 минг 500 сўмдан) 250 бараваригача (50 млн 682 минг 500 сўмгача) оширилди.

Илгари бу миқдор энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан (20 млн 273 минг сўмдан) 200 бараваригача (40 млн 546 минг сўмгача) эди.

Мазкур жиноятлар учун эндиликда муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш (яъни тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш) жазоси қўлланилмайди.

Мазкур ўзгартиришлар 3 ойдан сўнг кучга киради.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра ғайриқонуний ов, балиқ овлаш маҳсулотини, ёввойи ўсимликларни йиғиш ҳам энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан (2 млн 27 минг 300 сўмдан) 15 бараваригача (3 млн 40 минг 950 сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.

Илгари фақат ғайриқонуний ов маҳсулотларини қабул қилиш учун жавобгарлик мавжуд эди.

Эндиликда ов қилиш ва балиқ овлашнинг тақиқланган қуролларини ёки воситаларини тайёрлаш, олиб кириш, сақлаш, ташиш ёки юбориш, олиш ёхуд сотиш ҳуқуқбузарлик қуроли ва ашёларини мусодара қилиб:

фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг 3 бараваридан (608 минг 190 сўмдан) 5 бараваригача (1 млн 13 минг 650 сўмгача);
мансабдор шахсларга 7 бараваридан (1 млн 419 минг 110 сўмдан) 10 бараваригача (2 млн 27 минг 300 сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.

Изоҳ билдириш