53556

“Coca-Cola” Намангандаги “ Frutto Cola” устидан нега шикоят қилди?

Технология 29 май 17:07 263

Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, АҚШнинг “The Coca-Cola Company” компанияси Ўзбекистон ҳудудида “Coca-Cola” алкоголсиз ичимлиги учун бир қанча товар белгиларини қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказган.

Компания Наманган вилоятида жойлашган “NORIN BOTTLERS” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган “Frutto Cola” алкоголсиз ичимлигининг этикеткасидаги баъзи белгилар “Coca-Cola” алкоголсиз ичимлигининг белгилари билан ўхшаш эканлигини маълум қилиб, Қўмитадан ушбу ҳолатни ноҳалол рақобат ҳолати сифатида кўриб чиқишни сўраган.

Ишни кўриш жараёнида, “NORIN BOTTLERS” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган “Frutto Cola” ичимлиги этикеткасидаги баъзи элементларнинг ҳақиқатан ҳам “Coca-Cola” товар белгисидаги элементлар билан адаштириб юбориш даражасида ўхшаш эканлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддасида товарни рақобатчининг товар белгисига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган белгилардан қонунга хилоф равишда фойдаланган ҳолда этикеткаларга, ўровларга жойлаштириб сотиш таъқиқланиши белгилаб қўйилган. “NORIN BOTTLERS” МЧЖга нисбатан қўзғатилган ишни кўриб чиқиш натижасида кўрсатилган ҳолатлар ўз тасдиғини топди ва жамиятга “Coca-Cola” товар белгисидаги элементлар билан адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган белгилардан фойдаланиш ҳолатини бартараф этиш бўйича кўрсатма берилди.

Бугунги кунда “NORIN BOTTLERS” МЧЖ томонидан монополияга қарши органнинг кўрсатмаси бажарилди, шунингдек “Frutto Cola” ичимлиги учун янги этикетка дизайни ишлаб чиқилди.

Изоҳ билдириш