53376

Санъаткорлар солиқ тўлайди (ми)?

Иқтисод 21 май 14:34 1 189

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бир нечта қарорлари билан концерт-томоша фаолиятини тартибга солиш, уни лицезиялаш тартибига бир қатор ўзгартиришлар киритилди, деб хабар бермоқда Давлат солиқ қўмитаси.

Вазирлар Маҳкамасининг, 2017 йил 11 майдаги 270-сон қарори билан лицензия ва рухсатнома талаблари ҳамда шартларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, лицензиатлар ва концерт томоша тадбирларининг ташкилотчилари томонидан қонунчилик талабларининг бажарилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатиш «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси зиммасига юклатилди. Авваллари бу ишларни «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси юритар эди.

Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳининг хулосалари асосида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси томонидан амалга оширилади.

Лицензияни кимлар олиши мумкин? У фақат ижрочиларга — жисмоний шахсларга ва ижодий жамоаларга – юридик шахсларга берилади.

«Концерт томоша фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида»ги Низомга киритилган ўзгартиришларда санъат аҳли, шу йўналишда тадбиркорлик билан шуғулланувчилар учун бир мунча қулайликларни кўриш мумкин. Аслида олинган лицензия 5 йил муддатгача амал қилади. Аммо талабгорнинг аризасига кўра, 5 йилдан кам муддатга ҳам ҳам берилиши мумкин. Ўзгартириш киритилгунга қадар, унинг «энг кам вақти» 1 йил эди. Юқоридаги ҳужжат билан у 3 ойгача қисқарди.

Яна бир муҳим ўзгаришни давлат божини тўлашда кўриш мумкин.

Авваллари бу маблағ лицензия талабгорлари томонидан эстрада санъатини ривожлантириш жамғармасининг депозит ҳисоб рақамларига ўтказиларди. Ўзгартириш билан эндиликда лицензияловчи органнинг махсус ҳисоб рақамига тўланади ва у қуйидагича тақсимланади:

30 фоизи – республика бюджетига;
70 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ҳисоб рақамига.

Дарвоқе, авваллари лицензия берилган санадан бир йил ўтмасдан лицензиянинг амал қилиши тўхтатилганда ёки у бекор қилинганда давлат божи бир йиллик миқдорда ундирилар эди. Эндиликда у ўз кучини йўқотди.

Табиийки, лицензия олишга талабгорларда қанча миқдорда давлат божи тўлаши ҳақидаги маълумот ҳам қизиқтиради. Уни ундиришда адолатлик тамойилига амал қилинади. Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия олган юридик шахслар ҳар бир ижрочига берилган рейтинг гуруҳига боғлиқ равишда табақалаштирилган миқдорларда давлат божи тўлайдилар.

Давлат божи миқдори ҳар бир лицензия талабгори учун унга берилган рейтинг гуруҳига боғлиқ равишда белгиланади.

Масалан, 1 гуруҳга мансублар ижодий фаолияти давомида камида 5 та мусиқий альбом чиқарган, атоқли ёзувчи ва шоирлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиши лозим. Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» ёки бошқа фахрий унвонлари ҳамда республика ва халқаро даражадаги кўрик танлов ғолиби дипломлари мавжудлиги инобатга олинади. Ҳамда бу гуруҳдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 195 баравари миқдорида давлат божи тўлайдилар. Шу тўланган маблағ ҳисобида солиқ ушлаб қолинади. Санъаткорлар ўзининг ижодий йўналишида бошқа турдаги солиқларни тўламайди.

Ўзгартиришларда кекса ёшдагилар, ногиронлар ёшлар манфаатига ҳам алоҳида эътибор берилган.

Масалан, пенсионерлар, I ва II гуруҳ ногиронлари концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун давлат божларидан озод қилинган. IV рейтинг гуруҳига мансуб, таълим муассасаларида ўқиётган ҳамда биринчи марта лицензия олаётган ижрочилар ушбу таълим муассасасида таълим олиш даврида (тегишли тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганда), бироқ лицензия берилган санадан бошлаб кўпи билан бир йил мобайнида давлат божи тўламайди. Агарда бу гуруҳга киритилганлар энг кам ойлик иш ҳақининг 40 баробари миқдорида давлат божи тўлаши кераклигини инобатга олсак, демакки, уларга ижодий фаолиятини янада ривожлантириш учун имконият тақдим этилмоқда.

Изоҳ билдириш