53372

Аҳмадбой: Камбағални бой қилдим, бойни янаям бой қилдим. 10 000 пулини 20 000 – 25 000 қилиб олган! (видео)

Ўзбекистон 21 май 14:20 843

Ижтимоий тармоқларда Аҳмаджон Турсунбоевнинг ОАВга берган интервьюси тасвирланган видео тарқалди.

Турсунбоев одамлар унга нисбатан порталга турли ёлғон айбловларни ёзмаслигини сўради.

“Мен суд ҳукмидан норози эмасман. Бир нарсани илтимос қиламан: фуқаролар пулни ўз хоҳиши билан олиб келган, уларни ҳеч ким мажбурламаган. Фуқаролар худодан қўрқсин, 10 минг пулини 20 минг, 25 минг қилиб олган. Йўқ нарсани, уйимни сотдим, жойимни сотдим, деб туҳмат қилмасин. Худодан қўрқсин.

Мен ўзим учун тўғри ишлаганман, фуқароларни алдамаганман. Фуқаролар ўз хоҳиши билан пул олиб келган. Фуқаролар кўпайганидан кейин қонуний қилиб фирма очишга мажбур бўлганман. Мен бировни алдаб, пулини олмаганман. Ўз хоҳиши билан берган. Қайси одам шунчаки 10 минг долларини 20 минг доллар қилиб олади, банкка борса, банк буни ҳеч қачон қилиб бермайди. Банк бир йилда 10 минг долларни 12 минг қилиб беради. Ҳеч ким уларни мажбурламаган, ўз хоҳиши билан олиб келган. Мақсади пулини пул қилиб олиш бўлган.

Мен муҳтарам президентимиз Шавкат Миромоновичдан узр сўрайман, ҳам ёрдам сўрайман. Президентимиз афв этсалар, чорва, паррандачилик қиламан. Халққа фойдам тегсин, олдин ҳам фойдам теккан. Камбағални бой қилганман», – дейди у.

Судланувчи Аҳмаджон Турсунбоев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 168-моддаси (фирибгарлик), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришда назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Унга узил-кесил 14 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, А. Турсунбаев 2015 йил Тошкент вилояти Чиноз туманида «Чиноз ҳалол чорва» ва «Чиноз авто ҳамкор транс» корхоналарини ташкил қилган. У ва унинг ходимлари миллий ва чет эл валютасида аҳолидан энг камида йилига 100 фоиз устама бериш шарти билан пул олиб келган. Шу билан бирга Аҳмадбой пулни қайтариб беришга ҳеч қандай кафолат бермаган.

Томонлар, агар унга бирор нарса бўлса, ҳеч ким ҳеч нарса талаб қилмасликка келишиб олган.

Икки йил мобайнида Аҳмад Турсунбаев ва унинг шериклари катта миқдордаги пул, чорва моллар ва турли русумли автомобилларни ўзлаштириб келган. Уларнинг жиноий фаолияти беш йил давом этган. Маълум қилинишича, бундан минглаб фуқаролар жабр кўрган.

Изоҳ билдириш