53336

Кундузи чироқларни ёқиб юриш эвазига ЙТҲлар 25%га камайди – ИИББ

Технология 20 май 12:38 409

Фактлар билан баҳслашиб бўлмайди: кундуз вақтида ёниқ бўлган ёритгичлар натижасида йўл-транспорт ҳодисалари 25 фоизга камайди, деб хабар қилмоқда Тошкент шаҳар ИИББ.

Хусусан, 2018-йилнинг 10-апрелидан 17-май кунигача 153 та ЙТҲ содир бўлди. 2019-йилнинг 10-апрелидан 17-май кунигача – 108 та ЙТҲ. Натижа: ЙТҲ сони 45 тага камайган.

Пиёдаларни уриб юбориш билан боғлиқ ЙТҲлар сони ҳам 38тага камайган. 2018-йилнинг 10-апрелидан 17-май кунигача –75 та ҳолат бўлса, 2019-йилнинг 10-апрелидан 17-май кунигача – 37 та ҳолат қайд этилган.

ИИББ хабарида айтилишига кўра, чироқларни ёқиб юришнинг асосий устуворлиги шундаки, ҳайдовчи бирор ҳаракат амалга оширишдан олдини орқа ойнага қарашни унутган тақдирда ҳам, орқадаги автомобильнинг ёниб турган чироғини пайқамасдан иложи йўқ.

“Баъзи ҳайдовчилар бирор бир ҳаракатни амалга оширишдан олдин ён ёки орқани кўрсатувчи ойналарга қарамасликларини инобатга олган ҳолда янги талабнинг асосий мақсади ҳайдовчилар бир-бирларини кўришларидадир, орқада ёниб турган ёруғликни эса пайқамасликнинг иложи йўқ. Пиёдалар учун ҳам КСЧ ёниқ бўлган автомобиль, шу жумладан кундуз куни ҳам сезиларлироқ бўлди”, – дейилган ИИББ хабарида.

ИИББ, шунингдек, депутатлар дастлаб ушбу янги қоидани киритишни ёқлаш вақтларида ҳақ бўлишганини ва ушбу чора ЙТҲлар сонини камайтириш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилиши айтиб ўтилган.

Хабар сўнгида ИИББ ҳайдовчилардан яна бир бор кундузи чироқларни ёқиб юришни ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 10 апрелдан кундузи чироқларни ёқиб юриш мажбурий деб белгиланган эди. Ушбу янги  қоида ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Изоҳ билдириш