53268

Монополиядан чиқариш қўмитаси вилоят ҳокими қарорини бекор қилди

Ўзбекистон 14 май 15:47 347

Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси Сурхондарё вилояти собиқ ҳокимининг суғурта компаниялари фаолиятини чеклашга қаратилган қарорини бекор қилди, деб хабар қилмоқда қўмита матбуот хизматига асосан Uznews нашри.

Хабарда айтилишига кўра, Қўмитага “UNIVERSAL SUG’URTA” ҳамда “ALFA INVEST” компаниялари бош офисидан уларнинг Сурхондарё вилоятидаги филиаллари фаолияти чекланаётгани ҳақида аризалар келиб тушган.

Кейин маълум бўлишича, 2019 йилнинг 7 феврал куни бўлиб ўтган видео-селектор мажлисида вилоятда суғурталаш фаолияти билан фақат Сурхондарё вилоятида рўйхатдан ўтган корхоналар шуғулланади, дейилган ва давлат бошқарув органларига тегишли кўрсатмалар берилган.

Монополиядан чиқариш қўмитаси ушбу ҳолатни ўрганиб чиққиб, рақобат эркинлиги ҳақидаги қонун нормалари бузилганини аниқлаган ва жамланган материалларни Қўмитанинг махсус комиссияси ихтиёрига ҳавола қилган.

Сурхондарё вилояти ҳокимияти Монополиядан чиқариш қўмитаси қарорига рози бўлиб, олдин берилган топшириқни бекор қилди.

Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё вилоятининг собиқ ҳокими в.б. Баходир Пулатов апрель ойида ўз лавозимидан озод қилинган эди. Унинг ўрнига Тура Абдиевич Боболов тайинланган.

Изоҳ билдириш