52865

Фуқаролар Р.Каримов ва Т.Астановларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тўғрисида Тошкент шаҳар ИИББ расмий маълумот берди

Ўзбекистон 24 апрель 11:37 702

Аввал хабар берилганидек, 2019 йилнинг 8-апрель куни тахминан соат 11.00 ларда Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида (ЎМИ) 2 нафар номаълум шахслар жамоат тартибини бузганликлари тўғрисида Тошкент шаҳар ИИББга маълумот келиб тушган. Воқеа жойига етиб келган ички ишлар органлари ходимлари ЎМИ раиси муфтий Усмонхон Алимов билан учрашувни ташкиллаштиришни қўпол тарзда талаб қилаётган фуқаролар Каримов Рустамбек Абдурашидович ва Астанов Тулкун Ташмурадовичларни тўхтатишган.

Маълум бўлишича, У.Алимов хизмат сафарида бўлганлиги сабабли, идорага келган Р.Каримов ва Т.Астановлар билан ЎМИ раисининг ўринбосари Абдулазиз Мансуров учрашган. Аммо, улар раис ўринбосари берган жавоблардан қониқмасдан, идора ходимларига қаратилган турли хил ҳақоратли хатти-ҳаракатлари билан ўз талабларини изҳор этишда давом этишган.

Ички ишлар ходимларининг жамоат тартибини бузишни тўхтатиш ва ЎМИ ходимлари билан конструктив суҳбатга киришиш тўғрисидаги қонуний талабларига макур шахслар қатъий рад жавобини беришган. Шу муносабат билан уларга нисбатан маъмурий баённома тузилган.

Тошкент шаҳар Олмазор тумани маъмурий ишлар бўйича суди Р.Каримов ва Т.Астановлар томонидан содир этилган хатти-ҳаракатлар бўйича тўпланган материалларни ўрганиб чиқиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-(“Майда безорилик”) ва 194-(“Ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айблаб, маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.

Маъмурий қамоқ муддати давомида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан Р.Каримов ва Т.Астановларга нисбатан терговга қадар текширув тадбирлари амалга оширилган.

Натижада Р.Каримов ва Т.Астановларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига нисбатан тўпланган маълумотлар қонуний чора кўриш мақсадида тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматига юборилди.

Изоҳ билдириш