5276

Microsoft Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўқув-синфини очди

Технология 28 апрель 12:00 313

Дастурий таъминот ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири Microsoft корпорацияси 2017 йилнинг 26 апрель куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида (IUT) махсус ўқув синфини очди, деб хабар бермоқда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.

Замонавий IT-синфи моноблок компьютерлари билан жиҳозланган бўлиб, барча зарур жиҳозлар Microsoft корпорацияси томонидан беғараз тақдим этилган ҳамда лицензияга эга дастурий таъминотлар ва ечимлар, шунингдек, машғулотлар ўтказиш учун қўшимча ускуналар билан таъминланган.

Мазкур синфнинг очилиши билан Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари Microsoft’нинг дастурий маҳсулотлари тўғрисидаги ўз билимларини мустаҳкамлайди. Бунда IT-синфдан давлат органлари, хусусий компаниялар, кенг аҳоли вакиллари иштирокида турли хилдаги маҳорат мактаблари, тренинглар ва семинарларни ўтказишда фойдаланилади.

Тадбир доирасида Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртлари вакилларининг иштирокида Microsoft Education Day семинари ҳам бўлиб ўтди. Семинар давомида Microsoft корпорацияси вакиллари қатнашчиларга таълим муассасалари учун Microsoft’нинг замонавий ечимлари тўғрисида маълумот берди.

Жумладан, Microsoft’да махсус «Инновацион педагоглар» ҳамжамияти мавжуд бўлиб, у бутун дунёдан минглаб ўқитувчиларни бирлаштиради. Ҳар йили мазкур ўқитувчилар орасидан ўқувчилар учун ўқув жараёнида технологиялардан қизиқарли ва самарали фойдалана оладиганлари E2 Educators Exchange конференциясида тўлиқ компания ҳисобидан иштирок этиш имкониятини қўлга киритадилар.

Семинар давомида қайд этилганидек, компания ўзининг Microsoft Imagine Academy таълим ресурсини ривожлантирмоқда, унинг ёрдамида иштирокчилар замонавий технологиялар ва дастурлаш тўғрисида билим олиши мумкин бўлади. Қайд этилдики, сўнгги уч йил давомида Microsoft корпорацияси Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабаларига мазкур дастурнинг устунликларидан фойдаланиш имкониятини бермоқда.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш